BBC navigation

БМТ: "Сурия ҳукумати ёш болаларни нишонга олмоқда"

Сўнгги янгиланиш 28 март 2012 - 08:04 GMT

Мухолифат даъволарига кўра, исёнчиларни қўлга олиш учун уларнинг фарзандлари қийноққа солинган ҳоллар кўп.

Сурия расмийлари атайин ва мунтазам равишда болаларни нишонга олмоқда. Бу ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари бўйича вакили Нави Пиллай Би-би-си билан суҳбатда билдирди.

У панжара ортида ушлаб турилган юзлаб ёш болаларнинг тақдиридан ўта ҳавотирда эканини айтди.

Пиллай хонимга кўра, Президент Башар ал Ассад, агар истаса, бир буйруқ чиқариш билангина болаларнинг ушлаб турилиши ва оддий фуқароларнинг ўлдирилишини зудлик билан тўхтатиши мумкин.

Сурия душанба куни БМТ ва Араб Лигасининг қўшма элчиси Кофи Аннаннинг тинчлик режасини қабул қилган, бироқ расмий Дамашқдан кўплар шубҳаланмоқда.

Нави Пиллай Би-би-си билан суҳбатда Президент Ассад ўз хавфсизлик кучлари амалга оширган жиноятлар учун жавобгарликка тортилишини айтди.

Суриядаги инсон ҳақлари поймол қилиниши ҳоллари учун жаноб Ассад нақадар масъул экани сўралганда, Пиллай хоним: "Бу қонунлар билан белгиланган. Фактларга қаралса, бу амалларнинг кўпчилигини хавфсизлик кучлари амалга оширган ва улар энг юқоридан рухсат олишган. Президент Ассад оддийгина қилиб қотилликларни тўхтатиш буйруғини чиқариши мумкин ва шунда қотилликлар тўхтайди", - деб айтди.

Пиллай хоним БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурияни Халқаро Жиноий Маҳкамага топшириш учун етарлича ишончли маълумотга эга эканини билдирди.

"Ўйлашимча, тергов ва қоралов бу каби зўравонликларнинг олдини олиш ва тўхтатиш учун жуда муҳим", - деди у. У, шунингдек, тартибсизликлар чоғида болаларга бўлган "даҳшатли" муносабат ҳақида ҳам гапирди.

"Улар, қандай мақсадларда бўлмасин, болаларни кенг кўламда нишонга ола бошлашган. Юзлаб болалар қўлга олинган ва қийноққа солинган... Бу жуда даҳшатли".

Пиллай хоним бу каби жиноятларни оширган ҳар қандай киши жавобгарликка тортилишини айтди.

"Бу каби амалларга чек қўйиш учун қонунлар йўқ, шундай экан, уларни жаноб Ассадга ўхшаган одамлар узоқ давом эттиришлари мумкин, лекин бир кун келиб улар жавобгарликка юз тутадилар", - деди у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.