Сурия: "тинчлик ўрнатилгунга қадар" армия шаҳарлардан чиқарилмайди

Cурия Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Cурия ҳукумати армия кучларини шаҳарлардан олиб чиқмаслигини айтмоқда

Сурия ҳукуматининг эълон қилишича, ҳукумат кучлари "тинчлик ва хавфсизлик" ўрнатилмас экан Сурия шаҳарларидан олиб чиқилмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили бу ҳақда БМТ тинчлик миссияси Сурия ҳукуматидан армияни шаҳарлардан олиб чиқишга чақириши ортидан айтган.

Аввалроқ Сурия президенти Башар ал-Ассад можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш ҳақидаги БМТ махсус вакили Кофи Аннан таклифига рози бўлганди.

Бироқ, ҳукумат ва мухолифат кучлари ўртасидаги жанглар ҳамон давом этмоқда.

Хабарларга кўра, пайшанба куни юз берган тўқнашувларда 40 нафар инсон ҳалок этилган.

БМТ маълумотига кўра, бир йил муқаддам Башар ал-Ассад режимига қарши чиқишлар бошланганидан буён камида 9 минг одам ўлдирилган.

Аввал оташкесим

"Сурия армияси шаҳарларда қолиши мудофаа ва тинч аҳолини қўриқлаш мақсадларига хизмат қилади, - деб айтди Сурия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати котиби Жиҳад Мақдисий. – Тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши биланоқ армия олиб чиқилади".

Пайшанба куни Кофи Аннан вакили Аҳмад Фавзийнинг айтишича, БМТ элчиси тинчлик режасининг дарҳол кучга киришини истайди.

"Режада ҳукумат қўшинлари аҳоли пунктларидан олиб чиқилиши ва оғир қуроллардан фойдаланишни тўхтатиши кераклиги аниқ таниқ таъкидланган, - деди жаноб Фавзий. - Аввал ҳукуматнинг ўзи куч ишлатишни тўхтатиши, ана ундан кейин бошқа томон билан оташкесин масаласини муҳокама этиши керак".

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғлининг қайд этишича, БМТ ва Араб Давлатлари Лигаси томонидан тайёрланган тинчликни ўрнатиш режаси қон тўкишни тўхтатиш учун Сурияга берилган охирги имкониятдир.

Унинг айтишича, Дамашқ тинчликни ўрнатиш ҳақидаги шартларга дарҳол рози бўлиши керак.

"Сурия режими бу охирги имкониятни қўлдан бой берса, халқаро ҳамжамиятнинг жиддий чораларига рўпара бўлишини англаб етиши керак," - деди Аҳмет Довудўғли.

Ҳозирда Истанбул шаҳрида "Сурия дўстлари" ташкилотига аъзо 60 давлат вакилларининг анжумани бўлиб ўтмоқда.

Анжуманнинг асосий мақсади Сурия мухолифатига ёрдам бериш йўлларини топишга қаратилган.

Бу мавзуда батафсилроқ