Аун Сан Су Чи Бирмадаги парламент сайловида иштирок этган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Аун Сан Су Чи 15 йилни уй қамоғида ўтказган

Бирма парламентининг бўшаб қолган 45 ўрни учун сайловлар бўлиб ўтган, расмийлар сайлов участкалари ёпилгани ва овозларни санаш бошланганини эълон қилганлар.

Ушбу сайловда сўнгги 20 йилда илк бор Бирманинг демократ лидери Аун Сан Су Чи қатнашган.

Бу сайлов демократик ислоҳотларни ваъда қилган Бирма ҳукумати учун жиддий синов бўлмоқда, Оврўпо Иттифоқи ва Америка бугунги овоз бериш жараёнидан қониқсалар, Бирмага нисбатан жорий этилган жазо чоралари юмшатилиши ҳақида билдирганлар.

Мухолифат сайловолди кампанияси ва овоз бериш куни қонун бузилишлари юз бергани ҳақида даъво қилган.

Бирма ҳарбий хунтаси бошқарувни фуқаровий ҳукуматга топшириши борасидаги ваъдалари ортидан илк парламент сайлови 2010 йилда бўлиб ўтган, ўша пайтда Бирмадаги демократик лидер Аун Сан Суи Чи уй қамоғида эди.

Бугунги кунда ҳам аъзоларининг аксари собиқ ҳарбийлардан таркиб топган фуқаровий ҳукуматга ўтган йили охирида Бирма парламентининг кўплаб аъзолари ўтказилган эди.

Натижада Бирма парламенти қуйи палатасидаги 440 ўриндан 45 таси бўшаб қолган, бу жойлар учун сайлов ўтказишга қарор қилинган.

66 ёшли Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чининг номзоди мамлакатнинг собиқ пойтахти Рангун четидаги сайлов участкасидан рўйхатга олинган.

Расмийлар, сайлов иштирокчилари ва овоз беришни кузатганлар сайловчиларнинг жуда фаоллиги гувоҳи бўлишганини айтишган.

Мухбирлар ўзлари суҳбатлашган кўплаб оддий бирмаликларнинг Аун Сан Су Чи учун овоз берганларини айтишгани ҳақида хабар берганлар.

Норасмий хабарларга кўра, у парламент аъзоси бўлиб сайланиши мумкин.

Бироқ Сан Су Чи хоним етакчиси ҳисобланадиган Демократия учун Миллий Лига илгари сурган номзодлардан қанчаси рўйхатдан ўтказилган сайлов ҳудудларида ғалаба қозонишлари маълум эмас, дейишади мухбирлар.

Хорижий кузатувчилар ва журналистларнинг бутун Бирма бўйлаб овоз беришни кузатишларига рухсат берилган.

Демократия учун Миллий Лига қонун бузилишлари юз бергани ҳақида баёнот берган, айрим бирмаликлар ўзларининг овоз беришларига тўсқинлик қилингани ҳақида айтганлар.

Сайлов участкалари ёпилганидан сўнг Миллий Лига Аун Сан Су Чининг сайловда ютиб чиққани ҳақида эълон қилган, бироқ сайлов натижалари бўйича расмий ахборотнинг кейинроқ эълон этилиши хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ