Тюмен яқинида учоқ қулаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Учоқ "Ютэйр" ширкатига қарашли бўлган

Россиянинг Тюмен – Сургут шаҳарлари оралиғида парвоз қилаётган учоқ қулаб тушган.

Транспорт масалалари бўйича мулозимнинг айтишича, қулаш оқибатида учоқ учга бўлинган.

Учоқ ҳалокати оқибатида камида 32 киши қурбон бўлгани хабар қилинмоқда.

“Ютэйр” ширкатига қарашли бу учоқда тўрт нафар учувчи ва хизматчилар дохил жами 43 киши бўлган.

Тюмен вилоятидаги Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг бўлими раҳбарига кўра, учоқ қулашида 12 киши жон сақлаб қолган бўлиши мумкин.

Уларнинг барчаси оғир аҳволда касалхонага келтирилган.

ATR-72 русумидаги учоқ қулаган жойда 230дан ортиқ қутқарувчилар ишлашмоқда.

Учоқда бўлганларнинг қариндошлари ва яқинлари учун махсус телефон хизмати (8-3452-59-02-90) йўлга қўйилган.

Расмийларга кўра, ҳалокат сабаби парвоз ва техник носозликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

2011 йил бошидан бери Россияда учоқлар ҳалокати оқибатида 120дан ортиқ инсон қурбон бўлган.

Ўтган йил Як-42 учоғининг ҳалокатида Ярославлдаги ҳоккей жамоаси аъзоларининг деярли барчаси қурбон бўлганди.

37 кишининг ҳаётига зомин бўлган бу ҳаво ҳалокатидан кейин Россия президенти Дмитрий Медведев “хатарли” ҳаво ширкатларни 2011 йил 15 ноябрига қадар ёпиб қўйиш ва бу каби ширкатларга жарима солиғини оширишга буюрганди.