Рамзан Қодировнинг хотини ‘Яқин Шарқни забт этмоқчи’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг рафиқаси асос солган “Фирдавс” Модалар уйи Дубайда ўзининг янги исломий либослар коллекциясини намойиш этган.

Медни Қодированинг айтишича, Дубайдаги кийимлар намойиши “Яқин Шарқ модалар дунёсини забт этиш йўлидаги илк қадамлари”дир.

“Фирдавс” Модалар уйи шу пайтгача ҳеч қачон ўз либосларини хорижликлар ихтиёрига ҳавола этмаган.

Янги коллекция “Чеченистон хоними”, деб номланади.

Ундан фақат муслималарга мўлжалланган етмишга яқин кундалик, байрамона ва тўй либослари ўрин олган.

“Русские Эмираты” веб саҳифасининг хабар беришича, Медни хонимнинг Модалар уйи тез орада Саудия Арабистонида ҳам ўз исломий либосларини намойиш этмоқчи.

Унинг президент турмуш ўртоғи эса, 2004 йилдан ўтган йил охирларига қадар Чеченистоннинг “Терек” футбол клубига президентлик қилган.

Либослар дизайнери

“Фирдавс” 2009 йилда Чеченистон пойтахти Грозныйда ўз фаолиятини бошлаган.

Унинг очилишига чечен президенти хотинининг ўзи шахсан бош-қош бўлган.

31 ёшли Медни хоним етти боланинг онаси.

Аммо унинг Модалар уйи намойиш этаётган либослар бошқа дизайнерлар томонидан яратилиши айтилади.

Аён бўлишича, Чеченистоннинг биринчи хоними икки маҳаллий дизайнер – Зарима Яхаева ва Заур Мамедовлар меҳнатидан фойдаланади.

Жорий пайтда “Фирдавс” яратаётган либосларни фақатгина Чеченистон пойтахтидаги бутиклардан сотиб олса бўлади.

Аммо Модалар уйининг ўз дўконларини бошқа хорижий давлатлар, жумладан, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам очиш режаси йўқ эмас.

“Фирдавс” ўтган йили Москвада модельерлар орасида бўлиб ўтган йиллик халқаро танловнинг Гран-при соҳибига ҳам айланган.

Рамзан Қодиров

Чеченистон 2000 йил ўрталаригача исломий бўлгинчилар ва Россия хавфсизлик кучлари ўртасидаги жангларга саҳна бўлиб келган.

Ўшандан буён марказдан катта миқдорда молиявий ёрдам олиши айтилади.

Яқинда пойтахт Грозный ҳам қайта таъмирдан чиқарилган, қатор осмонўпар бинолар ва 30.000 кишилик янги стадион ҳам қурилганди.

Чечен президенти ўтган йил октябр ойида катта дабдаба билан Грозный Шаҳри кунини ҳам нишонлаганди.

Тадбирда Ҳолливуд юлдузлари Ҳиллари Свонк, Жан-Клод Ван Дамм, Кевин Костнер ва машҳур скрипкачи Ванесса Мейлар ҳам қатнашишганди.

Қатор таниқли юлдузларнинг Грозныйдаги маросимларда иштирок этишлари нуфузли инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотларининг танқидларига ҳам сабаб бўлганди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари собиқ Чечен дала қўмондони ва уна қарашли кучларни ўз мухолифларини ўлдиришда айблашади.

Уларнинг айтишларича, Рамзан Қодиров Чеченистонни шахсга сиғиниш маданияти билан ўз қироллигига айлантирган.

Бу мавзуда батафсилроқ