Усмонли империясининг сўнгги маликаси дафн этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи news.az
Image caption Неслишоҳ Султон кеча Истанбулда дафн этилган

Инсоният тарихидаги энг қудратли ва узоқ вақт ҳукмронлик қилганларидан бири саналувчи Усмонли империясининг сўнгги маликаси Фотима Неслишоҳ Усмонўғли Султон 92 ёшида вафот этган.

Империя собиқ пойтахти Истанбулда душанба куни ҳаётдан кўз юмган Неслишоҳ Султон кеча шаҳарнинг ўзида дафн этилган.

Туркия президенти Абдулла Гул ва Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон марҳумнинг яқинларига ўз ҳамдардликларини изҳор этишган.

Неслишоҳ Султон Усмонли империяси ва Миср маликаси бўлган.

Яъни 1940 йилда Миср шоҳи муовини ўғлига турмушга чиққач, ушбу мақомни қўлга киритади.

У Усмонли империясининг сўнгги султони Маҳмуд VI нинг набираси бўлган.

Малика Усмонли империяси буткул таназзулга учрашидан (1923 йил) икки йил аввал Истанбулда дунёга келган.

Халифалик тугатилиб, Туркия дунёвий йўлни танлашини эълон қилгач, уч ёш экани чоғида оиласи билан Францияга кетишга мажбур бўлган.

Уларнинг фақат ўтган асрнинг 50-йилларида ортга қайтишларига рухсат берилган, холос.

Оила эркаклари эса, ҳатто, 1974 йилгача Туркияга қадам боса олишмаган.

Сургундан қайтгач, маликанинг Мисрда яшагани айтилади.

"Усмонли империяси тожига сўнгги даъвогар саналган" Эртўғрул Усмон Усмонўғли 2009 йилда вафот этгач, у расман сулоланинг ҳаёт бўлган энг кекса вакиласи сифатида тан олинган.

Маликанинг ўғли Султон Аббос Ҳилмий эса, фақат Миср шаҳзодаси саналади.

Усмонли империяси инсоният тарихидаги энг қудратли ва узоқ вақт ҳукмдорлик қилган султонликлардан бири ҳисобланади.

Улар 1299 ва 1923 йиллар оралиғида Осиё, Шимолий Африка ва Оврўпо жанубидаги йирик ҳудудларни назорат қилиб келишган.

Бу мавзуда батафсилроқ