Хитой мусулмон уйғурларни террорчилар рўйхатига киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хитой "Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатининг олти нафар аъзоси"ни террорчиликка гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритган.

Ҳаракат АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан, "террорчи гуруҳ" сифатида кўрилади.

Уларнинг ҳозир қаерда эканликлари номаълум.

Олтовлон асосан мусулмон уйғурлари истиқомат қилувчи Шинжон мухтор бўлгасида ҳужумлар уюштиришда айбланишмоқда.

Масъулларга кўра, улар яна Жанубий Осиё давлатларининг бирида жангариларни ёллаб, уларни тайёргарликдан ҳам ўтказишган.

Худкушлик ҳужумлари дохил қатор зўравонликларни молиялашган ва уларга гижгижлашган.

Хитой Шинжонда амалга оширилган ҳужумларда Покистонда тайёргарликдан ўтган мусулмон жангариларини айблаганди.

Аммо расмий Пекин қўшнисини ошкора танқид қилишдан тийилганди.

Хитой Жамоат Хавфсизлиги вазирлигига кўра, рўйхатга тушган шахслар "экстремист гуруҳ"нинг энг кўзга кўринган аъзолари бўлишган.

Бу - Хитой 2003 йилдан бери учинчи бор эълон қилаётган "террорчилар рўйхати".

Чоралар

Расмий баёнотдан аён бўлишича, олтовлоннинг ҳисоблари музлатилган.

Масъулларга кўра, улар муайян муддат Ғарбий ёки Марказий Осиё давлатларида ҳам бўлишган.

Вазирлик уларни ҳибсга олишда хорижий ҳукуматларнинг ёрдамларига умид қилаётганини ҳам айтган.

Муҳожиратдаги уйғур гуруҳлари ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Хитой Шинжондаги жангарилар хавфини бўрттириб кўрсатади.

Мусулмон уйғурлари Шинжон аҳолисининг 45 фоизчасини ташкил этишади.

Айримларга кўра, ханларнинг минтақага кўчирилиши ва ҳукуматнинг қаттиққўл сиёсати уйғурларнинг маданияти ва анъаналарига кучли таъсир қилаётир.

Минтақа маркази Урумчида 2009 йилда юз берган этник зўравонликлар ортидан Шинжоннинг айрим ҳудудларида ҳануз кучли хавфсизлик чоралари амал қилади.

Низолар чоғида икки юзга яқин кишининг қурбон бўлишгани айтилганди.

Ҳануз минтақада онда-сондалик зўравонликлар давом этиб туради.

Бу мавзуда батафсилроқ