“Қаддофийнинг ўғли ҳибсхонада калтакланган”

Cайф ал-Ислом Қаддофий Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Cайф ал-Ислом Қаддофий ўтган ноябрда Ливия жанубида ҳибсга олинган эди.

Халқаро Жиноий Маҳкамадаги Ҳимоячилар кенгашининг даъво қилишича, Ливиядаги ҳибсхонада Сайф ал-Исломга шафқатсиз муносабатда бўлинмоқда.

Ҳимоячилар кенгаши чиқарган баёнотда таъкидланишича, Сайф ал-Ислом ҳибсхонада якка ўзи ушлаб турилибди ва калтакланмоқда.

Сайф ал-Ислом ҳимоячиларига кўра, унга кичик жиноий айбловлар қўйлган.

Ливия ҳукумати ва Халқаро Жиноий Маҳкама ўртасида жаноб Қаддофий иши қайси маҳкамада кўриб чиқилиши юзасидан баҳслар давом этмоқда.

Ливия Миллий Ўтиш Кенгаши унинг маҳкама иши Ливиянинг ўзида кўриб чиқилиши кераклигини талаб қилмоқда.

Бироқ, Халқаро Жиноий Маҳкаманинг айтишича, Ливияда Ҳаагадаги уруш жиноятлари маҳкамаси билан ҳамкорлик қилиш мажбурияти бор ва Сайф ал-Ислом Қаддофий иши Ҳаагада кўриб чиқилиши зарур.

“Ҳуқуқий бўшлиқ”

Сайф ал-Ислом ҳимоячилари кенгаши баёнотига кўра, аввалроқ кенгашга уни “жиддий жиноятлар”да айблаш учун етарли далиллар йўқлиги айтилган.

Кенгашнинг даъво қилишича, Сайф ал-Исломни Ҳаага маҳкамасига топшириш муддати келган пайти Ливия ҳукумати Халқаро Жиноий Маҳкамага у уруш жиноятлари бўйича тергов қилинишини билдирган.

Халқаро Жиноий Маҳкаманинг айтишича, полковник Қаддофийнинг ўғли “ҳуқуқий бўшлиқ”да ушлаб турилибди ва “ўз ҳуқуқларидан айрилган”.

Ўз навбатида Ливия ҳукуматининг билдиришича, Сайф ал-Ислом ишини кўриб чиқиш мақсадида махсус маҳкама қурилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ