Британия мухолифини Қаддофий қўлига топширган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Абдул Ҳаким Белхўжа янги Ливиянинг энг нуфузли харбий қўмондонларидан саналади.

Британия ҳукумати 2004 йил терроризмда гумон қилинган, ҳозирда Триполи Ҳарбий Кенгашини бошқараётган шахсни Қаддофий ҳукуматига бергани маълум бўлган.

Би-би-си мухбирига кўра, МИ-6 зобитининг хатида Абдул Ҳаким Белҳож Ливияга берилгани айтилган.

Мактубда британиялик зобит ливияликларни "авиаюкни муваффақиятли етиб боргани" билан қутлаган.

Белҳожнинг сўзларига кўра, қамоқда уни қийнашган.

Британия ҳукумати Белҳожнинг Ливия ҳукуматига топширилиши ва қийноққа тутилишида алоқаси борлигини бир неча бор рад этган.

Бироқ мактубдан МИ-6 ички разведкасининг бу ишга аралашгани маълум бўлади.

Би-би-сига кўра, ҳукуматнинг мухолифни Ливия ҳукуматига топшириш қарорида лейбористлар иштирок этган.

МИ-6нинг нуфузли зобити сэр Марк Алленнинг Қаддофий ҳукумати разведка хизмати бошлиғи Мусо Кусо номига битилган мактуби ўтган йили НАТО кучлари томонидан бомбардимон қилинган Мусо Кусонинг собиқ қароргоҳидан топилган.

Мактубда "юкнинг етиб боргани" билан табриклашдан ташқари " у хақдаги маълумотлар британияликлар орқали йиғилган"и таъкидланади.

Мактуб 2004 йил, Белҳож мухолифатдаги "Ливия жанговор исломий гуруҳи"нинг раҳбари бўлган пайтда юборилган.

Британия разведкаси ушбу гуруҳни "Ал-Қоида"га алоқадорликда ва ёш британиялик мусулмонларни Ироқдаги жанговор ҳаракатларда қатнашишга ёллаш билан шуғулланганликда гумон қилган.

Би-би-си мухбири Питер Тэйлорнинг айтишича, МИ-6 Белҳожнинг Малайзияда эканлиги ва Лондонга сиёсий бошпана олиш умидида келмоқчи эканлиги ҳақида маълумот олган.

МИ-6 бу ҳақда ўзининг чет элдаги ҳамкасбларини бохабар қилган ва натижада Белҳож Бангокда қўлга олинган ва Ливияга топширилган.

Мактубдан МИ-6нинг Белҳожни Ливияга ноқонуний топширилишида ва қамоқда қийноққа тутилишида алоқадорлиги англашилади.

Лекин МИ-6 буни ўз ихтиёри билан эмас, ўша пайтда ҳукуматда бўлган лейбористлардан топшириғига асосан бажарган бўлиши мумкин.

Британиядаги иш

Абдул Ҳаким Белҳож ҳозирда ғарб давлатлари, жумладан Британия ҳам тузилишида кўмаклашган янги Ливиянинг энг нуфузли харбий қўмондонларидан саналади.

Жаноб Белҳож МИ-6 ва Британия ҳукуматини ўзини ноқонуний топширишда ва қийноққа тутилишида алоқадорлардан ҳисоблаб маҳкамага топширган.

Белҳожнинг айтишича, уни Бангокдан Ливияга МРБ (Марказий Разведка Бошқармаси) хизматчилари етқазишган.

Лондон полицияси унинг бу айбловларини текширишни бошлаган.

Белҳож полковник Қаддофийни қудратдан ағдарган мухолифатнинг раҳбарларидан бири сифатида НАТО билан ҳамкорлик қилган.

У Ливия қамоқхонасида ўзини тўрт йил давомида турли мамлакатлар, жумладан Британия ва Америка агентлари ҳам сўроқ қилишганини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ