Cурия: исёнчилар ҳукумат талабларини рад этишди

Дамашқ Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сурия ҳукумати мухолифатдан ўт очишни тўхтатиши борасида ёзма кафолат беришни талаб қилмоқда

Суриялик исёнчилар мамлакат ҳукуматини Кофи Аннан воситачилигида эришилган тинчлик келишувларини издан чиқаришга уринишда айблашмоқда.

Тинчликни қайта тиклаш режасига мувофиқ, жанг қилаётган тарафлар сешанба кунига қадар аҳоли яшайдиган жойлардан ўз қўшинларини олиб чиқишлари ва ўт очишни тўхтатишлари зарур.

Исёнчилар расмий Дамашқнинг ўт очишни тўхтатишга ёзма равишда кафолат бериш ҳақидаги талабига рад жавобини берганлар.

Сурияда урушни буткул тўхтатиш ҳақидаги БМТ томонидан белгиланган муҳлатга эса саноқли соатлар қолмоқда.

Ҳукуматга қарши жанг олиб бораётган исёнчилар вакили Сурия президенти Башар ал-Ассадни БМТ ва Араб давлатлари лигасининг махсус вакили воситачилигида эришилган келишувларни бузишда айблади.

Сурия ҳукумати шунингдек халқаро ҳамжамиятдан ҳам исёнчиларни қуроллантирмаслик ва молияламасликка ваъда беришни талаб қилмоқда.

Мухолифат фаоллари сўзларига кўра, ҳукумат қўшинлари якшанба куни шаҳарларни ўққа тутишда давом этганлар.

Натижада 70 яқин одам ҳалок бўлган.

Тўқнашувлар давом этмоқда

Кофи Аннан томонидан таклиф қилинган ва БМТ томонидан дастаклаган Сурияда тинчликни ўрнатиш режаси олти банддан иборат.

Унга мувофиқ, иккала томон ҳам қуролли қарама-қаршиликни 10 апрель куни тўхтатиши ва 12 апрель куни сулҳ эълон қилиши лозим.

Бироқ, Сурия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, расмий Дамашқ исёнчиларнинг ҳукумат қўшинлари олиб чиқилишидан фойдаланиб, қайта қуролланиб олишини истамайди.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, охирги икки кунда Идлиб ва Алеппо вилоятлари ва Ҳама шаҳрининг артиллерия ҳужумига тутилиши оқибатида камида 160 нафар одам ўлдирилган.

Якшанба куни ҳукумат ва исёнчилар ўртасида қақшатқич жанглар давом этган.

Фаоллар тақдим этган маълумотга кўра, Сурияда қуролли можаро бошланганидан буён ҳаммаси бўлиб 9 мингдан зиёд одам ўлдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ