Жанаўзен: судланувчилар сўроқ пайтида қийноққа тутилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Судья Нагашибоевнинг нохолислиги айтилган, уни маҳкамадан четлаштириш талаб қилинган

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳридаги тартибсизликларда айбланаётганлар маҳкамада улардан иқрорлик кўрсатмалари қийноқлар орқали олинганидан гувоҳлик беришган.

Уларга кўра, полицияда уларни қийнашган, ноинсоний шароитларда сақлашган ва руҳий босим ўтқазишган.

Ўтган йилнинг декабр ойида нефт компаниясида иш ҳақини оширишни талаб қилиб чиққан иш ташлашлар намойишларга айланиб кетган.

Расмий маълумотларга қараганда Жанаўзенда 17 киши ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўлганларнинг бундан анча кўп бўлиши мумкинлигини айтишган.

Айни пайтда вилоят маркази Ақтауда 37 айбланувчи устидан маҳкама жараёни давом этмоқда.

Судланувчиларга оммавий тартибсизликларда қатнашиш, давлат мулкини ёндириш, вайрон қилиш, ўғирлик, тинч аҳоли ва ҳукумат кишиларига нисбатан зўравонликларни амалга ошириш каби айбловлар қўйилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳукумат маҳкамани иложи борича қисқа фурсатда тугаллашга ҳаракат қилмоқда.

100 дан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиш тугалланмасдан, айбланувчиларни сўроққа тутилиши қонунга зид эканлиги айтилган.

Кузатувчиларга кўра, судланувчиларнинг шикоятларига судья Оролбой Нагашибоев ҳам, прокурор ҳам эътибор қаратишмаган.

12 ҳимоячидан бештаси судьяни нохолисликда айблаб, уни алмаштиришни сўрашган.

Бироқ ҳимоячиларнинг талаблари қабул қилинмаган.

Курси билан уришган

Сўроқ пайтида судланувчилардан бири Танатар Калиев полиция бўлинмасидаги қийноқлар таъсирида соғлиғидан айрилганини айтган.

"Сўроқлар жисмоний ва руҳий қийноқлар таъсирида ўтказиларди. Бошимга стул билан уришар, катта ўғлимга муаммолар бўлиши билан таҳдид қилишарди. Мени сўроқ қилишганда, мен ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилдим, судланувчилардан бирортаси ҳам қўзғолонга алоқаси йўқлигини, биз иш ташлашда фақат ўз ҳаққимизни талаб қилганимизни, бошқа ҳеч қандай мақсадимиз бўлмаганини айтганман",- деган судланувчи Калиев.

Судья айбланувчини ёлғон кўрсатма берган тақдирда жавобгарлик билан огоҳлантирган.

Калиев эса давом этган:"Биз Меҳнат Кодексига биноан иш ташлаш ўтказганмиз. Етти ой ҳукумат кучлари билан тўқнашиш учун туриб бермаганмиз. Биз бу ҳукуматга ишонганмиз ва муаммони адолат билан ҳал этилишини кутганмиз. Иш ташлаш пайтида биз ҳеч кимга тегинмаганмиз, ҳеч қандай мулкни вайрон қилмаганмиз, жамоат тартибига халақит бермаганмиз. Мени кўчада ушлашди ва сўроққа олиб келишди. У ерда мен гўё қон устида турдим. Хонадаги полнинг усти қон бўлиб кетган эди. Бир неча кунлаб сўроққа тутишган, дам олишга, ухлашга қўйишмаган. Ҳимоячилар ҳам йўқ эди. Сўроқ пайтида олинган кўрсатмалар жисмоний ва руҳий қийноқлар орқали олинганини айтмоқчиман. Ҳаммаси ёлғон йўли билан олинди",- деб айтган айбланувчи Калиев. У бошқа судланувчиларни ҳам полиция бўлинмасида қийноққа тутилганини айтган.

"Яна бир айбланувчи Есенгелди Абдураҳмоновни совуқ хонада сақлашган, устидан муздай сув қуйишган. Натижада у сил касалига чалинган",- деб айтган ҳимоячи Рамазон Есергепов.

Жанаўзендаги қўзғолон бостирилгандан кейин у ерга борган мухолиф вакиллари маҳаллий фуқаролардан кўплаб шикоятлар бўлгани, полициянинг ўзбошимчаликларини айтиб беришган.

Уларга кўра, эркаклар оммавий тарзда ҳибсга олинган ва улардан полиция бўлинмаларида қийноқлар орқали қўзғолонни ташкил қилиш ва қатнашиш ҳақидаги иқрорномалар олинган.

Ҳукумат вакиллари бу айбловларни қатъиян рад этганлар.

Полиция ходимлари сўзларидан қайтишган

Ўтган ҳафта жабрланувчи сифатида полиция ходимлари сўроқ қилинган.

Ҳимоячи Гулнора Жуаспаевага кўра, полициячилар оммавий тартибсизликларда қатнашганларни қисман таниганлар, шу билан бирга турли хил кўрсатмалар берганлар.

"Жанаўзен-2011" жамоатчилик қўмитаси вакиллари айтишича, судланувчилар Манғистау вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги бўлими бошлиғи отишга буйруқ берганидан гувоҳлик берганлар.

Полиция ходими Тўлаген Шегербоев намойиш қатнашчиларига қўрққанидан ўқ узганини айтган.

"Қўрқиб кетганимдан титроқ қўлларим билан тўппончани босдим. Шунинг учун тўртта ўқ отилиб кетди",- деб кўрсатма берган у.

Полициячилар кўрсатма берадиган пайт айбланувчилардан бири Қарақат Дуйсембоев ҳушидан кетган.

Жанаўзенда унинг отаси ҳалок бўлган, синглиси мажруҳ бўлиб қолган.

"Мен отамни йўқотдим. Залда менинг синглим , 16 декабрда майдонда бўлган одамлар ўтиришибди. Нега улар ҳақиқатни айтишмаяпти?"- деб айтишга улгурган судланувчи ҳушини йўқота туриб.

Шундан сўнг маҳкама иши Дуйсембоев ҳушига келгунига қадар тўхтатиб турилган.

Полициячи Нурлибек Нурбўлатов тартибсизликлар пайтида ўзининг яралангани ҳақидаги олдин берган кўрсатмасидан воз кечган.

"Мен бу ердаги судланувчилардан қайси бири менга тан жароҳати етқазганини билмайман",- деб айтган у.

Жабрланувчилар даъволаридан воз кечишмоқда

Кўп жабрланувчилар, ёндирилган магазин ва автомобиллар эгалари айбланувчиларга нисбатан даъволаридан воз кечишган.

Прокуратурада жабрланганларнинг даъволаридан воз кечиши жиноий ишни тўхтатилишини англатмаслигини айтишган.

"Бу шахслар оммавий тартибсизликлар чоғида уларга моддий зарар етказилганини рад этишмаяпти.

Лекин номаълум сабабларга кўра, даъволаридан воз кечишмоқда",- деб айтган Козоғистон Бош прокуратураси вакили Нурдавлат Суюндиқов.

Маҳкама жараёнида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари қатнашишмоқда, лекин халқаро кузатувчилар кўринмаган.

Маҳкамага қатнашиш истагини билдирган Оврўпо парламенти депутати Пол Мерфига Қозоғистон визаси берилмаган.

Жаноб Мерфи июл ойида Қозоғистонга келган ва нефтчиларнинг иш ташлашларига рағбат билдирган эди.

Омбдусман Ришат Раҳимовнинг айтишича, "маҳкама очиқ тартибда ўтказиляпти, маҳкамада хоҳлаганларнинг иштирок этиши таъминланган".

Қозоғистон учун кутилмаган намойишлар

Жанаўзен шаҳрида нефтчиларнинг ижтимоий адолат талаб қилиб 7 ой намойиш ўтказиши ортидан 16 декабрь Қозоғистон мустақиллиги нишонланаётган вақтда оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди.

Тартибсизликлар натижасида шаҳардаги ўнлаб биноларга ўт қўйилган, дўкон ҳамда банклар таланган.

Қозоғистон расмийлари ушбу тартибсизликлар четдан уюштирилганини айтган ва мухолифатнинг бир неча фаолларини ҳибсга олган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тартибсизликларни бостириш вақтида куч ишлатар тизимлар бешафқат бўлганини ва натижада қуролсиз одамларнинг жабр чекканини айтиб чиққан.

Бош прокуратура тинч аҳолига ўқ узишда мансабни суъистемол қилиш ҳоллари бўлганини ҳам қайд этган ва бир неча полиция ходимларига нисбатан жиноий иш очган.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида 2011 йилнинг 16 декабр куни ва Шетпе станциясида 17 декабр куни бўлиб ўтган қонли тўқнашувлар натижасида расмий манбааларда 17 кишининг ҳалок бўлгани, 100 га яқин кишининг яралангани айтилади.

Оммавий тартибсизликлар Жанаўзенда йирик кадрлар ўзгаришига сабаб бўлган.

Халқаро Human Rights Watch ташкилоти Жанаўзен ҳодисаси юзасидан Қозоғистон ҳукуматини очиқ ва адолатли маҳкама ўтказишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ