Шимолий Корея учирган ракета қулаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шимолий Корея ракетаси учирилгандан кўп ўтмай қулаб тушган

Жума куни эрталаб Шимолий Кореянинг узоқ масофага учувчи "Унха-3"ракетасининг парвози муваффақиятсиз тугаган.

Ракета орбитага спутникни олиб чиқолмаган.

Америка, Жанубий Корея, Япония давлатлари Мудофаа вазирликларининг хабарига кўра, ракета учирилгандан кейин ярим дақиқа ўтмасдан Корея ярим оролининг ғарбига океанга қулаб тушган.

Жанубий Корея мутахассислари ракета қолдиқлари қидирилаётганлигини маълум қилишган.

Шимолий Корея ахборот агентлиги ракетанинг учирилгани ва қулаганини тасдиқлаган, муваффақиятсизликнинг сабаблари текширилаётгани айтилган.

Америка матбуотининг ёзишича, ракета учирилганидан сўнг одатдагидан бошқача ёришиш кузатилгани ракета қулаш олдидан портлаганини тасдиқлайди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Корея ракетасининг учирилиши муносабати билан жума куни зудлик билан йиғилиш ўтқазиши эълон қилинган.

Халқаро ҳамжамият, жумладан Россия ва Хитой расмийлари ҳам бу борада ўз хавотирларини билдиришган.

Олдинроқ "Катта саккизлик"давлатлари Ташқи ишлар вазирлари Шимолий Корея ҳукуматидан ракета парвозини бекор қилишни талаб қилишган эди.

Шиимолий Корея расмийлари парвоз фақат тинч мақсадларни кўзлаб амалга оширилишини, ракета олиб чиқадиган йўлдош ерга синоптиклар учун муҳим маълумотларни етқазишини ва Шимолий Кореяга ўз табиий бойликларидан тўғри фойдаланишга ёрдам беришини айтишган.

Бироқ кўпчилик дипломатларга кўра, ушбу парвоз узоқ масофага мўлжалланган ракета синовини яшириш учун хизмат қилиши мумкин.

Ўтган якшанба куни бир гуруҳ ҳорижий журналистларга Шимолий Кореядаги ракета полигонига киришга рухсат берилган.

Бундан олдин расмий Пхеньян мамлакатнинг биринчи раҳбари Ким Ин Сеннинг 100 йиллигига атаб тинчлик мақсадларида ракета учиришини билдирган эди.

Бироқ АҚШ ва Шимолий Кореяга қўшни давлатлар ракета учирилиши БМТ резолюциясига зидлигини айтишган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши 2009 йилда ядро синовларини ўтказганидан сўнг Шимолий Кореянинг амалларини қаттиқ қораловчи ва жазо чораларини ўз ичига олувчи резолюция қабул қилган.

Резолюцияга мувофиқ мамлакатда баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришнинг ҳар қандай лойиҳаси таъқиқланган.

Вашингтон янги жазо чоралари билан пўписа қилган. Ўтган ойларда Шимолий Корея узоққа учувчи ракеталар синовидан Америкадан озиқ-овқат ёрдамлари олиш ҳисобига воз кечиш масъулиятини олган эди.

Япония ва Жанубий Корея ўз мамлакатларига хавф туғдирган тақдирда ракетани уриб туширишга тайёр турганликларини билдиришган.

Бу мавзуда батафсилроқ