Сурияда отишмалар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Суриядаги отишмаларда ҳар куни ўнлаб одамлар қурбон бўлмоқда

Урушни буткул тўхтатиш ҳақидаги БМТ томонидан белгиланган муҳлатга оз вақт қолганига қарамасдан Сурияда зўравонликлар ҳамон давом этаётгани хабар қилинган.

БМТ махсус элчиси Кофи Аннаннинг тинчлик режасига биноан Сурия кучлари сешанба куни аҳоли яшаш жойларидан армияни олиб чиқиши, пайшанба куни ўт очишни тўлиқ тўхтатиши лозим эди.

Бироқ Сурия фаолларига кўра, ҳукумат кучлари сешанба куни эрталабдан Ҳомснинг ғарбий қисмида отишмаларни бошлаган, шунингдек, Алеппо ва бошқа вилоятларда ҳам ҳужумлар кузатилган.

Туркия ва Ливан чегараларида тўқнашувлар содир бўлган.

Душанба куни камида 100 кишининг ўлдирилгани, уларнинг аксарияти тинч фуқаролар эканлиги айтилган.

Расмий Дамашқ исёнчилардан отишмаларни тўхтатиш ҳақида ёзма кафолат берилган тақдирда, қуролли кучларни шаҳар ва аҳоли яшаш жойларидан олиб чиқилишини билдирган.

Душанба куни Туркия билан чегара ҳудуддаги жамлоғда бир неча қочқинлар яраланган. Икки одам отиб ўлдирилган.

Ливанлик оператор Сурия билан чегарада ҳалок бўлган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойип Эрдўғон Хитойга сафари олдидан бу ҳодисалар унинг мамлакати чегарасини очиқдан-очиқ бузиш эканини, бунга қарши "керакли чора кўрилиши"ни айтган.

Туркияда айни пайтда 24 мингдан ортиқ суриялик қочқинлар, жумладан армиядан қочган юзлаб аскарлар бор.

БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннаннинг Туркиядаги қочқинлар жамлоғига бориши хабар қилинган.

Аввалроқ Сурия президенти Башар ал-Ассад можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш ҳақидаги БМТ махсус вакили Кофи Аннан таклифига рози бўлганди.

Лекин якшанба куни расмий Дамашқ исёнчилардан отишмаларни тўхтатиш ҳақидаги ёзма кафолатни талаб қилган.

Шунингдек, ғарб давлатларидан аксилҳукумат кучларга молиявий ва ҳарбий кўмак беришни тўхтатишни сўраган.

Ассад ҳукумати қўшинларни олиб чиқилишидан исёнчилар ўз мақсадларида, қуролланиш учун фойдаланишларига йўл қўйолмаслигини маълум қилган.

Сурия озодлик армияси вакиллари эса ярашув битимига қўшилишлари, лекин ёзма кафолат бериш талабига кўнмасликларини айтишган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Сурияни "барча ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ва ўз мажбуриятларини бажариш"га чақирган.

Би-би-си мухбири Жим Мюир тинчлик режаси бажарилишига ҳали умид бўлса ҳам, у биринчи қаршиликдаёқ қулаётганини айтган.

Бу режани қайта тиклаш халқаро ҳамкорлар ҳисобланган Россия, Хитой, Эрондан зарур қадам қўйилишини талаб қилади.

Бу давлатлар Башар Ассад тузумини ҳимоя қилиб чиққан бўлсалар ҳам, Кофи Аннаннинг тинчлик режасини ҳам маъқуллашган.

БМТ махсус элчиси Кофи Аннан Теҳронда Сурия можаросини муҳокама қилиши айтилган.

Айни пайтда Сурия Ташқи ишлар вазири Москвада музокаралар ўтказган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурияга халқаро кузатувчилар киритилиши лозимлигини таъкидлаган.

Жаноб Лавров Сурия ҳукуматини БМТ режасини амалга оширишга, шунингдек, Сурия мухолиф гуруҳларини ҳам ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим Сурия ҳукумати аниқ қадамлар қўйишни бошлаганини, бир қанча вилоятлардан қўшинларни олиб чиқилганини айтган.

Қизил Хоч халқаро ташкилотининг гуманитар ёрдамлари ўз эгаларига етказилиши таъминланаяпти, ҳибсга олинганларнинг бир қанчаси озод этилган.

Жаноб Муаллимга кўра, шунга қарамай қуролланган исёнчилар ўт отишни тўхтатмаяптилар.

БМТ ҳисоботида айтилишича, Сурияда тўқнашувлар бошланганидан буён қариийб 9 минг киши ҳалок бўлган.

Сурия ҳукуматига кўра 2000дан ортиқ ҳарбийлари ўлдирилган, зўравонликларда қуролланган тўдалар ва террористларни айблаган.

Бу мавзуда батафсилроқ