Норвегия: Андерс Брейвик ўзини айбдор деб тан олмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жиноятчи қўлидаги кишан ечилиши билан қўлини мушт қилиб кўкрагига қўйган, кейин нацистларга ўхшаб ўнг қўлини юқорига кўтарган.

Ослода 77 инсон умрига зомин бўлган Андерс Брейвик устидан маҳкама бошланган. У Норвегия пойтахтида портлаш уюштиргани ва Утойя оролида ўсмирларни отиб ўлдирганини тан олган, ўзига қўйилган терроризм айбловини рад этган.

Маҳкама бошланишида 33 ёшли Андерс Брейвикка қўйилган расмий айблов ўқиб эшиттирилган.

Ҳакамнинг қўйилган айб тан оласизми деган саволига Брейвик йўқ, деб жавоб берган.

Шунингдек, у бу маҳкамани тан олмаслигини, сабаби маҳкама "мултикултуризмни дастаклайдиган сиёсий партияларга қарам", деб айтган.

Брейвик ўзининг ишини фуқаровий маҳкамада эмас, трибуналда кўриб чиқилиши кераклигини айтган.

Маҳкаманинг бир қисмини Норвегия телевидениеси намойиш этган.

Бундан олдин Андерс Брейвик маҳкамани ўзининг эктремистик қарашларини ифодалашда фойдаланади, деган хавотирлар билдирилган.

Маҳкама залига олиб кирилиб, унинг қўлидаги кишан ечилиши билан қўлини мушт қилиб кўкрагига қўйган, кейин нацистларга ўхшаб ўнг қўлини юқорига кўтарган.

2011 йил 22 июлида Осло марказида бир автомобил портлатилган, орадан бироз вақт ўтганидан кейин Ослога яқин Утойя оролига йиғилган ўспиринлар отиб ўлдирилган эди.

Брейвик бу жиноятларни содир этганини тан олган.

Ослодаги портлашда саккиз инсон ҳалок бўлган.

69 киши Утойя оролида ҳаётдан кўз юмган, улар Норвегияда ҳозир қудратда бўлган Ишчилар партиясининг ёшлар қаноти аъзолари бўлганлар.

Андерс Брейвик Ишчилар партияси вакилларига бу партия Оврўпода "мусулмонлар босқини"га бамайлихотир қўл қўйиб бераётгани учун ҳужум қилганини айтган.

Унинг хотиржамлик билан содир этган жинояти бутун дунёни ларзага солган.

Брейвикнинг руҳий саломатлигини текширишга қарор қилинган.

2011 йил ноябрида психиатрлар Брейвикни параноидал шизофренияга чалинган деган хулосага келганлар.

Бироқ яқинда ўтказилган яна бошқа бир текширув уни руҳий соғлом деб топган.

Маҳкамада икки руҳий текширув хулосалари ҳам ўрганиб чиқилади.

Агар маҳкама уни руҳий носоғлом деб топса, мажбурий даволаш қарори қабул қилиниши мумкин.

Агар Брейвик соғлом деган хулосага келинса, Норвегия қонунлари бўйича 21 йилик қамоқ жазоси белгиланиши, ундан кейин у умрбод қамоқ жазосига узайтирилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ