Қаддофийнинг ўғли устидан маҳкама Ливияда бўлиб ўтиши мумкин

Cайф ал-Ислом
Image caption Cайф ал-Ислом Қаддофий ўтган йил ноябрида қўлга туширилган эди

Ливиялик расмийларнинг Би-би-сига маълум қилишларича, Халқаро Жиноий Маҳкама Сайф ал-Ислом Қаддофийни маҳкама қилиш учун уни Ҳаагага юбориш ҳақидаги талабидан тез орада воз кечиши мумкин.

Уларга кўра, Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаддофийнинг энг машҳур ўғли устидан маҳкама Ливиянинг ўзида, Халқаро Жиноий Маҳкама назорати остида, бўлиб ўтиши мумкин.

Сайф ал-Ислом устидан маҳкамаси қаерда ўтказилиши кераклиги юзасидан тртишувлар у ўтган йил ноябрь ойида қўлга олинганидан буён давом этмоқда.

Халқаро Жиноий Маҳкама уни инсониятга қарши жиноятларда айблаши мумкинлиги ҳақида айтган.

Аммо Ливия Адлия вазирлигига кўра, ушбу масалага ечим деярли топилган: жаноб Қаддофий Ливияда маҳкамага тортилади, аммо ҳуқуқий назорат Халқаро Жиноий Маҳкама зиммасида бўлади.

Бироқ ливиялик расмийлар маҳкамани бошлаш учун яна камида бир неча ой вақт кетиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Халқаро Жиноий Маҳкаманинг бош прокурори Луис Морено Окампо шу ҳафта Ливияга сафар қилиши кутилмоқда.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг даъво қилишларича, Ливия адлия тизими бундай катта иш билан шуғулланиш салоҳиятига эга эмас.

39 ёшли Сайф ал-Ислом Қаддофий ҳозирда Ливиянинг Зинтан минтақасида қамоқда сақланмоқда.

У бир пайтлар отаси Муаммар Қаддофийнинг меросхўри сифатида кўриларди.

Жаноб Қаддофий маҳкамаси Ливияда ўтса, унга ўлим жазоси тайинланиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ