Генерал Дўстум Толибон билан музокарага рози бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Генерал Абдулрашид Дўстум амалда Афғонистон сиёсатидаги муҳим шахслардан бири бўлиб қолмоқда

Саудия Арабистони раҳбарлари билан учрашиб, Афғонистонга қайтган генералнинг азалий душманлари билан мулоқотга бориш қарори ҳақида сўнгги кунлар қатор вебсаҳифалар ёзишаётган эди.

Бугун унинг Миллий Исломий Уйғониш партияси ушбу хабарлар ҳақиқат эканлигини тасдиқлади.

"Афғонистон тинчлиги учун, ўтган 11 йилда қўлга киритилган ютуқларни қўлдан бой бермаслик учун биз бу қарорга келдик" - деб айтди унинг муовини Абдулхабир Учқун Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда.

Жаноб Учқунга кўра, Абдулрашид Дўстум тарафи исёнкорларга бирон шарт қўяётгани йўқ.

"Фақат улар Афғонистон қонунларини тан олишса ва қуролларини ташлашса бас, бошқа бирон шарт илова қилмаймиз" - деди Афғонистон Миллий Уйғониш партияси раҳбари муовини.

Лекин ҳозиргача Толибон ҳаракатининг муносабати аниқ эмас.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналадиган Абдулрашид Дўстум узоқ йиллардан бери Толибонга қарши урушиб келган.

Генерал Дўстумни Афғонистондаги кўплаб ўзбеклар ўз етакчилари, деб ҳам санашади. Аммо унинг сўнгги қарорини барча ўзбеклар қўллаши номаълум.

Мозори Шарифда Би-би-си Ўзбек Хизмати гаплашган қатор шимолликлар мазкур қадамни дастаклашларини айтишди.

Лекин интернет саҳифаларида ўз фикрларини қолдираётган Афғонистон ўзбекларига кўра, Толибон билан муроса-мадорага бориб бўлмаслиги яқин тарихда бот-бот исботланган.

"Ушбу амал иш бермаса керак" - дейди афғонистонлик таҳлилчи Ҳидоятулло Ҳидоят - "Шимолий Афғонистон аҳолиси фитратан Толибон билан бирга бўлолмайди".

"Толибон шимолни қўлга киритгач, минглаб ўзбекларни ўлдиргани ва шимол аҳлига ўта ноинсоний муносабат қилгани ҳали ҳеч кимнинг эсидан чиққани йўқ".

Кузатувчиларга кўра, Толибон Ислом байроғини кўтарган эса-да, аслида жанублик паштунларнинг маданияти ва урф-одатларини, ўта чекловчи диний анъаналарни тарғиб қилишади.

Ғарб эса Генерал Дўстумни Афғонистон сиёсий саҳнасидаги зиддиятли шахслардан бири сифатида кўради.

Жаноб Дўстумнинг кучлари Толибонни қулатишда муҳим ўрин тутган эди. Лекин кейинроқ Абдулрашид Дўстумга қарашли аскарлар асирга тушган Толибон жангариларини юк солинадиган темир контейнерларга солиб ташиган ва кўплаб исёнкорлар ҳалок бўлган, деган даъволар ўртага чиққан.

Абдулрашид Дўстумнинг ҳозир Афғонистон ҳукуматидаги расмий амали ўта баланд эмас, аммо амалда унинг таъсири жуда кучли.