Араб Амирликлари: "Фэйсбук" фойдаланувчиси Исломни таҳқирлашда айбланмоқда

Image caption Бу ижтимоий тармоқ сайтидаги биринчи шаккоклик айблови эмас

Абу-Дабида ўзининг "Фэйсбук"даги саҳифасида Исломни таҳқирлаганликда айбланаётган шахс устидан маҳкама жараёни бошланган.

Хабарларда айбланувчининг исми-шарифи тилга олинмайди, фақат унинг араб экани айтилган.

Маҳкамага тақдим этилган тиббий ҳисоботда айбланувчининг руҳий носоғлом экани айтилади.

Emirates24/7 вебсайтининг хабар беришича, сешанба кунги маҳкамада айбланувчига нисбат берилган ва Исломга қарши деб таърифланган расмлар ҳамда ёзувлар намойиш этилган.

Хабарда айтилишича, айбланувчи уларнинг ўзига тегишли эканини тан олган.

"Аввалги маҳкамада ҳакам ундан бирон-бир руҳий муаммоси борми, дея сўраганида у "ҳа, деб жавоб берди. Шундан сўнг ҳакам айбланувчини тибибй кўрикдан ўтказишга буюрди", деб ёзади "Emirat Alyoum daily" нашри.

Хабарга кўра, сешанба куни маҳкамага тақдим этилган тиббий хулосада айбланувчининг ўз ҳаракатлари учун масъул эмаслиги" айтилган.

Маҳкама ҳукмининг 1 майда эълон қилиниши айтилган.

"Шаккок саҳифалар"

Бу ижтимоий тармоқ саҳифаси билан боғлиқ биринчи маҳкама иши эмас.

Ўтган йил майида "Фейсбук"даги саҳифалардан бирида фойдаланувчилардан Муҳаммад Пайғамбарни мазах қилувчи расмларни юбориш сўралган ёзув мусулмонларнинг ғазабнок чиқишларига сабаб бўлган.

Покистон расмийлари "Фейсбук"ни ёпиб қўйишган.

Покистоннинг Федерал Журналистлар Уюшмаси 19 майдан 31 майга қадар давом этган тақиқни қўллаб қувватлаган.

"Сўз эркинлиги ҳеч кимга ўзгаларнинг диний ва бошқа ҳиссиётлари, ё-да жамиятдаги нормалар билан билан ўйнаш ҳуқуқини бермайди", деб айтган Уюшма ўз баёнотида.

Халқаро матбуот ташкилотлари тақиқни қоралашган.

Кейинроқ тақиқни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарган Лаҳордаги Юқори Маҳкама ҳукуматни бутун-бошли сайтни эмас, балки шаккок деб кўрилган алоҳида саҳифаларни тўсиб қўйишга имкон берувчи тизимни ишлаб чиқишга чақирган.

Аммо Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти шаккокликка қарши кураш шиори остида интернетни филтрловчи тизим ишлаб чиқилиши эҳтимолидан хавотир билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ