Толибон қўмондони ўзини қўлга олишлари учун мукофот пули сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Нато мулозимлари ва афғон ҳарбийлари Муҳаммад Эшоннинг нега бундай йўл тутганини билолмай ҳайронлар

АҚШ ва афғон кучлари қидирувида бўлган Толибон қўмондони ўз хоҳиши билан таслим бўлиб, ўзини ҳибсга олишлари учун 100 АҚШ доллари мукофот пули сўраган.

Муҳаммад Эшон ҳар икки мамлакат кучларига ҳужумлар уюштиришда айбланади.

Маҳаллий мулозимларнинг сўзларидан аён бўлишича, у назорат нуқталаридан бирига келиб, ўзини афғон қўшинлари ихтиёрига топширган.

Бунинг ортидан, АҚШ кучлари махсус биометрик текширув олиб боришган ва таслим бўлган шахснинг ўзлари излаб юрган қўмондон эканини тасдиқлашган.

Кобулдаги мухбиримиз Билол Сарварийнинг айтишича, Муҳаммад Эшон Толибоннинг жанубий-шарқий Пактико вилоятидаги қўмондони бўлган.

Аммо унчаям катта сондаги жангариларга бошчилик қилмаган.

Лекин, мухбиримизга кўра, Муҳаммад Эшоннинг қўли борликда гумон этилаётган ва олисдан туриб бошқарилувчи ускуналар ёрдамида уюштирилган ҳужумлар анчайин ҳалокатли бўлган.

Шу боис, вилоятнинг Толибон қўмондони фаол бўлган туманларида унга қарши қидирув эълон қилинган.

Нато мулозимлари ва афғон ҳарбийлари Муҳаммад Эшоннинг нега бундай йўл тутганини билолмай ҳайронлар.

Чунки, уларга кўра, исёнкорларни қидирувга бериб, ҳар жойга ёпиштириб ташлаган эълонлари шу пайтгача жиддийроқ бир натижа бермаган. paktika taliban

Бу мавзуда батафсилроқ