'Аввал товуқ пайдо бўлган, кейин тухум'ми ва ё тухум қолиб, жўжа туққан товуқ ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шри Ланкада юз берган ғаройиб ҳодиса тафсилотларидан аён бўлишича, товуқ тирик жўжа туққан.

Хабарларга кўра, жўжа тухумдан ташқарида эмас, онасининг қорнида чиқишга улгурган.

У ерда бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, товуқнинг эгаси Ранжит Эканайаке товуқхонасида нималар юз бераётганидан мутлақ бехабар бўлган.

Аммо, негадир, олти товуғидан биттаси тухум туғмай қўйганидан ҳайрон бўлиб юрганини айтган.

Кейин эса, кутилмаганда ақл бовар қилмас ҳодисага дуч келган:

Товуғи тухум қўйишнинг ўрнига, бирор ерида тухум пўчоғининг оқи ҳам кўринмаган тирик жўжа туғиб берган.

Ҳаммани ҳайратга солиб дунёга келган жўжа омон қолган.

Аммо она товуқ олган ички жароҳатлари туфайли нобуд бўлган.

Маҳаллий ветеринар эса, ўз иш фаолияти давомида ҳали бунақасига дуч келмаганини айтмоқда.

Агар оммавий-ахборот воситаларидаги суратларига қаралса, ветеринар жаноблари бу каби ғаройиб ҳодисанинг тагига етиш учун товуқнинг жасадини текшириб ҳам кўрибди.

Унинг айтишича, товуқнинг қорнида уруғланган тухум пайдо бўлган ва туғилишнинг ўрнига, ўша ерда қолиб кетган.

21 кундан кейин эса, она товуқнинг ичида тухумдан чиққан.

Ҳодиса Шри-Ланка оммавий-ахборот воситаларида катта шов-шувга сабаб бўлган.

Дейлик, Sri Lankan Daily Mirror газети тирик товуқ туққан жўжа воқеасини, "Тухум эмас, аввал товуқ пайдо бўлган", дея номлаб қўя қолган.

Бу мавзуда батафсилроқ