BBC navigation

Францияда сайловолди кампаниянинг охирги куни бўлиб ўтмоқда

Сўнгги янгиланиш 20 апрел 2012 - 09:47 GMT

Бу сайловлар Франциянинг янги тарихидаги энг танг сайловлардир

Францияда якшанба куни президентлик сайловлари бўлиб ўтиши кутилар экан, номзодлар сайловолди кампаниянинг охирги кунида ўз тарғиботларини якунлашмоқда.

Сайловдан бир кун олдин кампания ўтказишга рухсат берилмайди.

Сўровларда етакчи ўринда кетаётган Франсуа Олланд Бордо шаҳрида якуний тарғибот тадбирини ўтказган, Президент Никола Саркози эса охирги кампаниясини Ницца шаҳрида ўтказади.

Оммавий фикр сўровларида бу икки номзод деярли тенг кетишмоқда, лекин овоз беришнинг иккинчи босқичида афтидан жаноб Олланд ғолиб чиқадиган кўринади.

Ўта ўнг қанот Миллатчи фронтининг номзоди Марин Ле Пен 17% фоиз овоз йиғиши мумкин, коммунистлар вакили Жан-Люк Меланшон эса 14-15% атрофида.

Ижтимоий таҳлилчилар башоратига кўра, бешинчи ўринга Демократик ҳаракат номзоди Франсуа Байру чиқади.

Сайловолди тарғиботларнинг якунланишига бир кундан кам вақт қолди, лекин сўровлардан аён бўлишича, ҳар тўртдан бир сайловчи ҳали ҳам кимга овоз бериш бўйича қарор қабул қилмаган.

Мазкур сайловлар Франциянинг замонавий тарихидаги энг танг сайловлар бўлиши башорат қилинаяпти.

Иқтисодга урғу

Асосий кураш Франсуа Олланд ва Никола Саркози ўртасида кечади

Аксар номзодларнинг сайловолди кампаниялари асосий эътиборни иқтисодий масалаларга қаратишган.

Масалан, Никола Саркози сайловчилар диққатини 2011 йилда сезиларли даражада иқтисодий ўсиш бўлганига қаратади. Лекин айни йилда ишсизлик даражаси 10 фоизга чиққан.

Иккала бош номзод ҳам бюджетни мувозанатга келтиришни ваъда қилишган, лекин Олланд бунга ҳаражатларни кесиш йўли билан эмас, балки иқтисодий ўсишни рағбатлантириш билан эришишини айтади.

Ҳафта бошида Олланд жаноблари март ойида Оврўпо Иттифоқи аъзолари томонидан келишилган молиявий барқарорлик йўлидаги қаттиққўл чоралар битимига рози бўлмаслигини айтди. Бу битимга Чехия ва Буюк Британия ҳам рози бўлмаганди.

Президент Саркози Оврўпо Иттифоқи саммитида бу битимни илгари сурган энг фаол раҳбарлардан бири бўлганди.

Франция президентлик сайловларининг биринчи босқичи якшанба куни бўлиб ўтади. Биронта ҳам номзод мутлақ аксарият овозларни ола олмаса, 6 майда энг кўп овозларни эгаллаган икки номзод орасида иккинчи босқич бўлиб ўтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.