Россия ва ғарб Сурия борасида келишувга эришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳозирнинг ўзида Сурияга кузатувчиларнинг кичик бир гуруҳи жойлаштирилган

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурияга 300 нафар халқаро кузатувчилар гуруҳини юбориш ҳақидаги резолюция лойиҳасига келишган.

Россия ва Оврўпо давлатлари тақдим этган лойиҳани ўзида бирлаштирган резолюцияга мувофиқ ҳарбий кузатувчилар ва фуқаровий экспертлардан иборат гуруҳ аввалига уч ой муддатга жойлаштирилади.

Ҳозирнинг ўзида кичик бир гуруҳ Суриядаги омонат оташкесимни кузатмоқда.

Резолюция Хавфсизлик Кенгашида шанба куни кечроқ овозга қўйилади.

Суриянинг ўзида гарчи оммавий зўравонликлар тўхтаган бўлса-да, мухолифат фаоллари ва журналистлар оташкесим шартлари бузилган бир неча ҳолатлар ҳақида хабар берганлар.

Рейтерс агентлигига кўра, жума куни камида 23 киши ҳалок бўлган, улардан 10 нафари хавфсизлик кучларини нишонга олган йўл четидаги бомба портлаши оқибатида, қолганлар эса Сурия армияси Хомс шаҳрини ҳужумга тутиши натижасида қурбон бўлган.

'Фуқаролар уруши томон'

Шу ҳафта бошида БМТга қилган ҳисоботида Бирлашган Миллатлар Бош Котиби Пан Ги Мун Сурия ҳукумат кучлари тинчлик битимининг шартларига риоя қилмагани, аммо бу борада "илгари силжиш фурсати" ҳали бой берилмаганини айтган эди.

Жаноб Пан ҳибсдагиларни озод қилиш ва инсонпарварлик амалиётларига йўл очиб бериш масалаларида "сезиларли илгари силжиш" бўлмаганини айтган.

Сешанба куни Парижда учрашган "Сурия дўстлари" коалициясининг ташқи ишлар вазирлари оташкесим ҳамда Кофи Аннаннинг тинчлик режаси Сурияда фуқаролар урушининг олдини олиш йўлидаги "сўнгги умид" эканини айтишган.

"Суриянинг дўстлари" гуруҳи ғарб ва араб давлатларидан ташкил топган, унга аъзо бўлмаган Россия ва Хитой эса БМТ жазо чораларини киритиш борасидаги аввалги уринишларга тўсиқ қўйган эди.

Франция Ташқи ишлар вазири Ален Жупе БМТ дастаклаган тинчлик режаси муваффақиятсизлика учрагани тақдирда Сурия "фуқаролар уруши томон бориши"ни айтган.

У Суриядаги зўравонликлар бутун минтақага ёйилиши хавфидан огоҳлантирган.

Сўнгги резолюцияга мувофиқ халқаро кузатувчиларнинг Сурия бўйлаб ҳукумат қўйган шартлар доирасида қандай ҳаракатланишлари ҳозирча қоронғу.

Бу мавзуда батафсилроқ