Баҳрайнда намойишларга қарамай, Формула-1 Гран-при бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Баҳрайн раҳбарияти ислоҳотлар ва ўз ҳуқуқларини талаб қилаётган шиаларга қарши куч қўллаётгани айтилади

Баҳрайнда давом этаётган аксилҳукумат намойишларига қарамай Формула-1 Гран-при автопойгаси бўлиб ўтди.

Олмониялик автопойгачи Себастьян Феттель Баҳрайн Гран-при ғолиби бўлди. Red Bull гуруҳидан бўлмиш автопойгачи 2011 Формула-1 Жаҳон Чемпиони ҳам бўлганди.

Баҳрайн мухолифати автопойгани бекор қилишга чақираётган эди.

Якшанбага ўтар туни полиция ва аксилҳукумат намойишчилари ўртасида тўқнашувлар кечган.

Автопойга ўтадиган ҳудудларни муҳофаза қилиш учун Баҳрай ҳукумати қуролли полиция, махсус тайёргарликдан ўтган итлар ҳамда зирҳли автомашиналарни сафарбар этмоқда.

Баҳрай қироли Ҳамад бин Исо ал-Халиф мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш истагини билдирган.

Қарийб бир йилдан бери Баҳрайнда кўпчиликни ташкил этадиган, лекин бошқарувда ўрни йўқ шиалар иқтидордаги озчилик суннийларга қарши чиқишмоқда.

Баҳрайн қироли Гран-прини бекор қилиш "эксремистлар кучига куч қўшади, автопойгани ўтказсак, жамоалар бирлашадилар", деб айтмоқда.

Аммо инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, сўнгги намойишлар пайти қўлланган кўздан ёш сиздирувчи газ оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлган.