BBC navigation

Франция сайловлари: илк босқичда Саркози ортда қолди

Сўнгги янгиланиш 23 апрел 2012 - 08:18 GMT

Иккинчи босқич Франсуа Олланд ва Никола Саркози ўртасида бўлиб ўтади

Франция Президенти Никола Саркози якшанба кунги президентлик сайловларида иккинчи ўринни эгаллаши ортидан, иккинчи босқичда қийин курашга юз тутади.

У овозларнинг атиги 27.1 фоизини эгаллаган. Унинг социалист рақиби Франсуа Олланд эса 28.6 фоиз овозларни йиға олди. Бу биринчи марта мамлакат президенти сайловларнинг илк босқичида мағлуб бўлишидир.

Икки номзод энди 6 майда бўлиб ўтадиган иккинчи босқич сайловларида иштирок этадилар.

Ўта ўнг қанот Миллий Фронт партияси номзоди Марин Ле Пен 18.1% овоз билан учинчи ўринни эгаллаган. Мазкур миллатчи партия авваллари ҳеч қачон бундай катта фоизга эришмаган.

Би-би-сининг Париждаги мухбири Кристиан Фрейзернинг айтишича, кичик фоизли ғалаба Франсуа Олландга икки ҳафтадан сўнг ўтадиган иккинчи босқич сайловлари олдидан куч-қувват бағишлайди.

Таҳлилчиларга кўра, жаноб Саркози агар президентлик курсисида қолишни истаса энди Ле Пен ҳонимга овозларини берган ўнг-қанот сайловчиларни ўзига оғдириши керак бўлади.

Миллий Фронт номзодига деярли бешдан бир киши овоз берган, улар орасида кўп ёшлар ва иш синф вакиллар бор. Марин Ле Пен еттита номзодни ўзидан ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Дебатлар ҳақидаги дебат

Овоз берувчилар иқтисодий ўсишнинг сустлиги ва ишсизликнинг ошиб боришидан безовта бўлишда давом этар экан, сайловларда иқтисодий масалалар устунлик қилган.

Натижалар аён бўлишни бошлаганда, жаноб Олланд рақиби Президент Саркозини сайловчилар жазолашганини айтди.

"Олдингизда оддий танлов турибди: ё халқни иккига бўладиган номзодни қайта сайланг ёки халқни бирлаштирадиган янги президент билан Францияни яна оёққа кўтаринг", - деди жаноб Олланд.

2007 йилдан бери президентликни эгаллаб келаётган жаноб Саркози "тез суратларда ҳаракат қилаётган дунёда французларнинг хавотирлари"ни тушунишини айтган.

У иккинчи босқичдан аввал иқтисод, ижтимоий масалалар ва халқаро муносабатларни муҳокама қилувчи учта алоҳида дебат ўтказилишига чақирган.

Лекин жаноб Олланд бу фикрни рад қилган. У иккинчи босқичдан аввал анъанавий тарзда битта теледебат ўтказилишига чақирди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.