Жанубий Судан президенти Суданни мамлакатига уруш очишда айблади

Салва Киир Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Приезидент Салва Киир Суданни Жанубий Суданга қарши уруш очганликда айблади

Жанубий Судан президенти Салва Киирнинг айтишича, Судан унинг мамлакатига қарши "уруш очган"

Икки мамлакат умумий чегараларида бир неча ҳафтадан буён жанглар давом этмоқда.

Жаноб Киир сўзлари унинг Хитойга сафари чоғида янграган.

Хитой икки мамлакат нефтининг асосий харидори бўлса ҳамки, расмий Пекин Судан президенти Умар Баширнинг эски иттифоқчиси ҳисобланади.

Душанба куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Суданни Жанубий Судан ҳудудида жойлашган шаҳарни бомбалашда айблади.

Ўн йиллаб давом этган можаро ортидан Жанубий Судан ўтган йили Судандан ажралиб чиққан ва ўз мустақиллигини эълон қилган эди.

Ўшандан буён икки мамлакат чегараларни белгилаш ва нефт заҳираларини бўлиб олиш масаласида тортишиб келмоқда.

Хитой давлат телевидениесининг хабар беришича, мамлакат раҳбари томонларни тинчлик ва осудаликка чақирган.

Судан Жанубий Суданга қарши расман уруш эълон қилгани йўқ, аммо таҳлилчилар жаноб Киир даҳанаки жангни кучайтираётганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ