Сурия: 70 инсонни ўлдирган улкан портлаш қандай содир бўлган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Интернетда Ҳамадаги портлаш вайроналари акс этган видео эълон қилинган

Суриянинг Ҳама шаҳридаги кучли портлаш 70 инсон умрига зомин бўлгани ҳақида хабарлар олинмоқда, мухолифат ҳукумат кучларини аҳоли яшаш жойини бомбардимон қилишда айбламоқда, расмийлар қўлбола бомба заводи портлаб кетганини айтмоқдалар.

Портлаш Ҳаманинг Маша ат-Таййар туманида рўй берган, оқибатда бир неча уйлар вайрон бўлган.

Сурия давлат матбуоти портлаш натижасида 16 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган, телевидение шифохонадаги жароҳатланган болаларни намойиш этган.

Суриялик фаоллар Интернетга Ҳамадаги портлаш саҳнаси тасвирга олинган видеоларни қўйишган, уларда вайроналар остидан инсонлар жасадлари қазиб олинаётгани акс этган.

Суриядаги зўравонликлар ҳамда ҳукуматнинг мамлакат ичкарисида хорижий журналистларнинг фаолиятини чеклагани туфайли видеонинг ҳақиқийлигини текшириш имкони йўқ.

Фаоллар портлаш Сурия ҳукумати армиясининг аҳоли яшайдиган уйни бомбардимон қилгани ёхуд Scud ракетаси келиб тушгани оқибатида рўй берган бўлиши мумкин, деб айтишган.

Мухолифат ҳалок бўлганлар орасида 13 бола, 15 аёл борлигини айтишган.

Ҳукуматга кўра, "террорчи гуруҳлар" уйлардан бирини қўлбола бомба ясаш заводига айлантиришган ва у ерда портловчи модда тўсатдан портлаб кетган.

Сурияда шу ой бошида оташкесим эълон қилингани ва айрим шаҳарларда БМТ кузатувчилари жойлаштирилганига қарамасдан қон тўкилиши тўхтаётгани йўқ.

Сурия ҳукумати БМТнинг махсус элчиси Кофи Аннан таклиф қилган зўравонликларни тўхтатиш режасини қабул қилган, бу режада аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлардан ҳукумат қўшинлари ва оғир қуролларни олиб чиқиб кетиш кўзда тутилган.

Аҳоли яшаш жойларидан ҳамон қўшинлар олиб чиқилмаган, БМТ Хавфсизлик Кенгашида 25 апрел куни гапирган жаноб Аннан Сурия ҳукуматининг бу амалини кескин қоралаган.

Франция эса БМТ қўллаб-қувватлаган Кофи Аннаннинг тинчлик режаси иш бермаса, Хавфсизлик Кенгаши Сурия ҳукуматига қарши куч қўллаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган.

БМТга кўра, демократия талаби билан норозилик намойишлари бошланган 2011 йил мартидан буён Сурияда 9000 инсон ҳалок бўлган.

Сурия ҳукумати эса ушбу рақамни инкор этади, ўтган йилдан буён мамлакатда 3800 ортиқ киши ҳалок бўлган, уларнинг қарийб 2500 нафари тинч фуқаролар, 1300 дан ортиқ хавфсизлик кучлари ходимлари эканини айтади.