Украинанинг Днепропетровск шаҳрида бир неча портлаш рўй берган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмийларнинг хабар беришларича, Украинанинг Днепропетровск шаҳрида тўрт портлаш рўй берган, оқибатда камида 27 инсон жароҳатланган.

Яраланганларнинг тўққиз нафари болалар.

Бомбаларнинг ахлат қутиларига ташлаб кетилгани айтилган.

Биринчи портлаш маҳаллий вақт билан 11.50 ларда трамвай бекатида юз берган ва бекат яқинида бўлган беш кишини яралаган.

Орадан 30 дақиқа ўтганидан кейин кинотеатр олдида рўй берган портлаш натижасида 7 киши жароҳатланган.

Украина Ички ишлар вазирлиги шаҳарда яна икки портлаш юз бергани ҳақида хабар тарқатган.

Вазирлик портлашларни террорчилик ҳужуми деб атаган, портлашлар юзасидан текшириш бошланган.

Днепропетровскка Ички ишлар вазири Виталий Заҳарченко йўл олгани хабар қилинган.

Украина хавфсизлик хизматидан айтишларича, портлашлар натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Шаҳар маъмурияти вакиллари ҳодисалар оқибатида жароҳатланган инсонларнинг ҳаёти хавф остида эмас, деб айтганлар.