Саудия Арабистони: Усома бин Лодин бевалари шубҳа остида эмаслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исломобод аэропортига олиб чиқилишидан олдин гуруҳ аъзолари ўтирган кичик автобус ойналари чодир билан тўсилган.

Саудия Арабистони расмийларига кўра, Покистондан депортация этилганларидан кейин келган Усома бин Лодин рафиқалари ва фарзандлари шубҳа остида эмаслар.

Пайшанба тунида "Ал-Қоида" раҳбари Усома бин Лодиннинг уч беваси ва хабарларга кўра 11 нафар фарзанди Исломобод аэропортидан учоққа чиқарилган эдилар.

Саудия подшоҳлиги ҳукумати сўзчисининг "Франс Пресс" ахборот агентлиги билан суҳбатида айтишича, уларга подшоҳлик инсонпарварлик нуқтаи-назаридан бошпана беришга қарор қилган.

"Саудия Арабистони инсонпарварлик ўйловидан келиб чиқиб иш тутди. Уларнинг бирор бир жиноят ёки қонунга зид ҳаракатларга қўшилганлари ҳақида хабар ёки далил йўқ", деб айтган Саудия Матбуот агентлиги расмийси.

Усома бин Лодин Покистоннинг Абботобод ҳарбий шаҳарчасидаги виллада 2011 йил 2 май куни Американинг махсус кучлари уюштирган махсус амалиётда ўлдирилган, рейд ортидан бу ҳовлида бўлган бин Лодин оиласи аъзолари ҳибсга олинган эди.

Улар бир йилни Исломободдаги қаттиқ қўриқланадиган ҳовлида ўтказишди.

Саудия расмийсининг айтишича, Исломободдан учган учоқ пайшанба тунида Жидда аэропортига қўнгач, гуруҳни ўзларининг қариндошлари кутиб олганлар.

Покистон Ички ишлар вазирлиги хабар беришича, бин Лодиннинг уч рафиқаси ва болалари "ўзлари истаган мамлакатга кетишни" ихтиёр этганлар.

Исломобод аэропортига олиб чиқилишидан олдин гуруҳ аъзолари ўтирган кичик автобус ойналари чодир билан тўсилган.

Усома бин Лодин ўлимидан кейин унинг уч беваси ва вояга етган икки фарзандига Покистон ҳудудига ноқонуний кириш айблови қўйилди.

Покистон маҳкамаси уларга 45 кунлик уй қамоғи жазоси тайинлади.

Улар уй қамоғини Исломободдаги махсус ҳовлида бошқа яқинлари билан бирга яшаб ўтказишди.

Уй қамоғи жазоси тугаганидан кейин бин Лодиннинг барча яқинларини Покистондан депортация этишга қарор қилинган.

Усома бин Лодиннинг икки катта беваси Саудия Арабистони фуқаролари.

Унинг кенжа рафиқаси Амал Абдулфаттоҳ Яман фуқароси бўлган, у Саудиядан ўз ватанига кетади, деб кўрилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ