Қонли қирғин қиссаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи CECILIA HUE
Image caption Ферас Киланининг қирғин хотиралари

Ливиядаги исён вақтида Муаммар Қаддофий кучлари томонидан ҳибсга олинган Би-би-си журналисти Ферас Килани яна қамоқхонага қайтди.

Мақсад бу ерда ҳибсда бўлганлар ва қамоқхона нозирларини топиш, даҳшатли қирғин ҳақида ҳикояларни йиғиш эди...

2011 йилнинг 8 мартида мен Би-би-си Араб телевизионининг Ливиядаги мухбири эдим.

Триполи яқинида текширув-назорат нуқтасида яна икки ҳамкасбим билан ҳарбийлар томонидан қўлган олиндим.

Бизни ҳибсда калтаклашар ва сохта қатл қилиш жараёнига солишарди.

Аммо биз омадлилардан эдик. 22 соатлик бандиликдан кейин бизни озод қилишди.

Бир неча ойдан кейин исёнкорлар пойтахт томон ҳаракат қилишар экан, ўшанда биз билан бирга бўлган аксарият маҳбуслар ўлдирилади.

Қўриқчиларга маҳкумларни отиб ташлаш буюрилади.

Қамоқхонанинг мен турган бўлгасида энг аёвсиз қирғин кечгани маълум.

Ҳусайн Ал Лафи ва унинг уч биродарлари дохил 50 маҳбус қўриқчилар ҳужум қилган пайти кичик бир омборхонада бўлишган.

"Биз уларни гранаталарни ирғитаётганини кўрдик”, деб хотирлайди Ҳусайн.

Гранаталарнинг бири ғуж бўлиб жон сақлаётган маҳбуслар ўртасига келиб тушган.

Кейин у бу шафқатсиз ўлим аскарларига ким бошчилик қилганини айтади.

"Иккинчи ва учинчи граната тушганидан кейин Иброҳим Тажурий келди ва ўт очди”, дейди у.

Ҳусайн қандай қилиб ўз жигарбандларини чақиргани ва улардан ҳеч ким омон қолмаганини қон бўлиб ҳикоя қилади.

"Отишма тугаганидан кейин мен жасадлар орасидан туртилиб суртилиб чиқдим”.

Ҳусайннинг биродари Жамолнинг жасади қурбонлардан пайдо бўлган дўнглик устида ётарди.

“Мен Жамол, Жамол, Жамол деб бақирардим. Унинг кўзлари очиқ қолганди. Жамол жавоб бермас эди”, деб ҳикоя қилади Ҳусайн.

Унинг иккинчи биродари Усама эса юрагидан ва елкасидан ўқ еганди.

Бир оёғи йўқ эди.

Унинг яна бир биродари Муҳаммад эса девор остида ётарди.

“Унинг бир оёғи йўқ эди. Менга тезроқ кетишимни ва бутун дунёга бизни қандоқ қирғин қилишганини айтишимни сўрар эди”.

Портлашлар ва отишмалар ичида талотўп вақти Ҳусайн бошқа бир неча маҳбуслар қаторида қочишга муваффақ бўлади.

Ортда қолганлар эса ...омон қолмайди. Аскарлар омон қолганларни ва ярадорларни бирма бир отиб ўлдиришади ва қамоқхонага ўт қўйишади.

'Маҳбусларни ўлдир”

Қирғиндан бир неча кун ўтиб Иброҳим Тажурий исёнкорларга таслим бўлади.

Ўшандан бери у қамоқхонада.

У фақат тепадан келган буйруқни бажарганини айтади.

"Исёнкорлар Триполига киришганидан кейин қамоқхона қўмондони аристонларни отишга буйруқ берди. У ҳибсхонага келиб бизга барча қамоқдагиларни ўлдиришимиз кераклигини айтиб ўзининг қуроли билан пўписа қилди. Биз бир неча гранаталарни олдик ва маҳбусларга қарата отдик”, дейди Тажурий

Мен ундан ҳозир кўнглингиздан нималар кечади деб сўрайман.

"Мен афюндори таъсири остида эдим. Нима қилаётганимни билмасдим. Менинг виждоним қийналади...гуноҳларим кўп. Мен тавба қиламан, мени кечиришларини сўрайман...”

Тажурийнинг айни ҳужумдаги амалларини яна бир маҳбус кўрган.

У ҳам мана шу омборхонада бўлган.

Башир Ал Содиқга кўра, Тажурий ичкарига киргач автоматининг учта ўқдонини (магазин) бўшатган.

Ҳусайн ва Башир ана шу қирғиндан кейин илк бор Иброҳим Тажурий билан юзма юз кўришгани рози бўлишди.

Башир Тажурийга қарата, “ Сен кириб келдинг ва бир гуруҳни отиб ўлдирдинг. Улар орасида Шайх Муҳаммад Аллафий бор эди. У тиз чўккан ҳолда ўтирар эди. Сен уни орқасидан отиб ўлдирдинг. Бу одам менинг биродарим эди”, деди.

" Кейин эса сен мисрликлар ва қарийб саксонга кирган фаластинлик чол бўлган гуруҳ томон ўгирилдинг. Сен қарийб тўртта ўқдонни бўшатдинг...”

"Эслолмайман," дер эди Тажурий, " Мен афюндорилар таъсири остида эдим...”

Мен Тажурийдан бу жабрдийдаларга айтадиган гапингиз борми деб сўрайман...

“Мени кечирсинлар...шуни сўрайман...Бу дунё ва нариги дунёда...мени кечирсинлар...”

Аммо уч биродаридан ажралган Ҳусайн, “агар қўлимда қуролим бўлса эди, уни ўлдирар эдим”, дейди.

Собиқ маҳбуслар Тажурийга ўхшаган инсонлар то адолат ҳукмига ҳавола этилиб жазога тортилмас экан, муросага эришиб бўлмаслигини айтишади.

Тажурий эса ҳамон ҳибсда сақланмоқда.