Кутилмаган меҳмон - Усома Бин Лодин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2010 йилнинг ёз ойларида Покистоннинг Вазиристон минтақасидаги бир оила аъзолари ким эканлиги номаълум бўлган меҳмонни кутиб олиш учун тайёргарлик кўрмоқда эдилар.

"Олий мартабали меҳмон" келиши ҳақида уларга бир неча ҳафта аввал айтилганди, лекин бу меҳмон айнан ким бўлиши маълум қилинмаган, меҳмоннинг етиб келиши ҳақида эса атиги бир неча соат аввал хабар берилган.

Кеч саот 11 ларда ён атрофда деярли ҳамма уйқуга кетган вақти яқинлашиб келаётган машиналар овози эшитилди.

"Ўнга яқин жиплар турли томондан уйимиз томон кела бошлади", дейди мезбон оила аъзоларидан бири.

Айвонга яқин келиб тўхтаган жипларнинг орқа ўриндиғидан бўйи узун, лекин озғиндан келган, салла ўраган, ридоъ кийган шахс чиқиб келди.

Мезбонлар кўзларига ишонмай қолдилар. Уларнинг кўз ўнгида нақ Усома Бин Лодиннинг ўзи турганди...

"Турган жойимизда қотиб қолдик. Бин Лодин биз меҳмонга келишини кутган охирги кишимиз эди", дейди бошдан кечирганлари ҳақида сўзлаб берган оила оқсоқолларидан бири.

"Бин Лодин ён-атрофдагилар билан қўл бериб кўришгандан сўнг менга яқинлашди. Мен унинг қўлини ўпиб, кўзимга суртдим".

Шундан сўнг Бин Лодин ёнидаги ёрдамчисининг елкасига қўлини қўйиб, жой тайёрланган меҳмонхонага киради. У билан бирга фақатгина яна икки киши яқинларидан хонага киришди.

Бу меҳмондорчилик Усома Бин Лодин АҚШ махсус хизматлари томонидан ўлдирилишидан нақ бир йил аввал рўй берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Усома Бин Лодин деярли 10 йил тутқич бермай, яшириниб юришга муваффақ бўлганди.

Унинг ўлимидан даҳшатга тушган мезбонлардан бири ўша тунги воқеалар ҳақида яқин дўстига айтиб берганидан сўнг ҳозирда бу ҳақда оммага маълум бўлди.

Мен ўша кунги мезбонлардан бўлган икки шахс билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим, лекин уларнинг иккиси ҳам шахсларини маълум қилмасликни сўрашди.

Уларнинг айтишларича, Бин Лодин уйларида уч соатга яқин меҳмон бўлган. Намоз ўқиб, дам олиб, гуруч ва қўй гўштидан тайёрланган таомларни тановвул қилган.

Меҳмондорчилик вақтида ҳеч кимнинг уйдан чиқиши ёда кириб келишига рухсат берилмаган. Қуролланган шахслар томда ва эшиклар ёнида қўриқчилик қилишган.

Уй эгасининг 85 ёшли отаси "олий мартабали меҳмон" ким эканлигини билиб қолганидан сўнг у билан учрашиш хоҳишини изҳор қилган вақти ён -атрофдагилар дастлаб нима қилишларини билмай қолганлар.

"Бу менинг ўлимим олдидан хоҳишим", дея ёлборганидан сўнг Бин Лодинга бориб айтишган. У отахон билан кўришишга рози бўлади.

Отасини Бин Лодин ёнига етаклаб борган ўғилга тўрт қўриқчи ҳамроҳ бўлишди.

Image caption Бин Лодин Аббатобод шаҳридаги виллардан бирида яшаб юргани маълум бўлганидан сўнг махсус амалиёт чоғида 2011 йил 1 май куни ўлдирилди.

Отахон 10 дақиқача Бин Лодин билан суҳбатлашиб, унга ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этиб, дуо қилди. Бин Лодин тушунмаса ҳам пашту тилида ўзича маслаҳатлар бергандек бўлди...

Буларни эслар экан Бин Лодинга мезбонлик қилган шахс ўз хотираларидан завқланиб жилмайиб қўяди.

Меҳмондорчилик тугаганидан сўнг меҳмонлар қандай келган бўлсалар, шу йўлда ҳар томонга ўз жипларида йўлга тушдилар.

Бу жиплардан қайси бирига Бин Лодин тушиб, айнан қай томонга йўл олганлигини айтиш қийин эди.

Усома Бин Лодиннинг қаерларга боришини ким режалаган, унинг бу каби меҳмондорчиликка боришидан мақсад нима эди ва ҳаммадан ҳам муҳими, у не қадар тез-тез бу каби сафараларга чиқиб тургани ҳақидаги саволларга эса ҳеч ким жавоб топа олмаса керак.