Барак Обама: 'Афғонистонда бошлаган ишимизни охирига етказамиз'

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга сафари мобайнида Америка халқига мурожаат билан чиқиб уруш ҳаракатлари охирига етказилишини айтди.

Жаноб Обаманинг Афғонистондаги ҳарбий базалардан бирида қилган мурожаати тўғридан-тўғри АҚШга олиб кўрсатилди.

АҚШ Президентининг бу галги сафари Афғонистон-Америка муносабатларининг келажаги борасидаги битимни имзолаш мақсадига эга эди.

Жаноб Обаманинг нутқидан бир неча соат ўтмай Кобулда ҳужум уюштирилиб, етти киши қурбон бўлди.

Афғон расмийларига кўра, пойтахт шарқидаги хорижийлар учун мўлжалланган меҳмонхонани икки худкуш ҳужумчи нишонга олганлар.

Қурбонлардан тўрт нафари шу яқин атрофдаги мактабнинг ўқувчилари эканлиги маълум қилинган.

Толибон ҳаракати ушбу ҳужумда масъулиятни ўз зиммасига олди.

Миллий хавфсизлик муаммоси

АҚШ Президенти Кобулда президент Ҳомид Карзай билан учрашувини "тарихий", дея таърифлади.

Мухбирларга кўра, жаноб Обаманинг Афғонистонга сафари ва телевидение орқали нутқи икки мамлакат халқининг уруш ҳаракатларидан тоқатлари тоқ бўлган вақтга тўғри келди.

АҚШга тўғридан-тўғри олиб кўрсатилган нутқида жаноб Обама Чикагода ўткзилажак НАТО саммитида "афғон кучларининг келгуси йил мамлакатдаги ҳарбий амалиётлар учун масъул бўлишлари" масаласи кўриб чиқилишини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Барак Обама Афғонистонга сафари мобайнида америка аскарларига минатдорчилик билдирди.

НАТО Афғонистондан хорижий кучларни 2014 йил охирига қадар олиб чиқиб кетишни режалаган.

Жаноб Обаманинг айтишича, Америка аскарларини улар учун хавфли бўлган шароитда керагидан бир кун ортиқ ҳам ушлаб турмайди.

"Лекин биз Афғонистонда бошлаган ишимизни охирига етказишимиз ва бу урушга масъулиятли йўлда ниҳоя ясашимиз керак", деди АҚШ Президенти.

Ҳозирда Афғонистонда 88.000 хорижий аскар мавжуд. Улардан 23.000 нафарини шу йил ёз ойларига қадар олиб чиқиб кетиш режаланган.

Афғон-Америка муносабатлари келажаги

АҚШ Президенти ўз нутқида президент Карзай билан эришилган битим тафсилотларига ҳам тўхтаб ўтди.

Америка Президенти сафарини кузатган Би-би-си мухбирига кўра, ушбу битим деярли икки йиллик музокаралар самарасидир.

Битимга эришидан аввал тунги рейдлар ва махбусларни Афғон Хавфсизлик Кучларига топшириш масалалари устида қаттиқ тортишувлар рўй берган.

Жаноб Обамага кўра, битимда Афғон кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва терроризмга қарши чораларни қўллаб қувватлаш, шунингдек, афғон томонининг ошкоралик ва ҳисоб бериш тамойилларига содиқлик масалалари ҳам ўз ўрнини топган.

Президент Обама Толиблар билан "тинчлик музокараларига"ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, агарда Толиблар "Ал-Қоида" билан алоқаларини узиб, тинчлик йўлига ўтсалар ярашувга эришиш мумкин бўлади.