Россия Америка ва НАТОни огоҳлантирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Россия Америка ва НАТОдан аниқ ва лўнда жавобни талаб қилган

Россия Мудофаа вазири Анатолий Сердюковга кўра, Оврўпода ракетадан мудофаа тизимини ўрнатиш борасида АҚШ билан олиб борилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

У бу ҳақда Москвада Америка расмийлари билан музокара бошида гапирган.

Шу ойнинг охирида НАТО ҳозирда амалда бўлган ўз лойиҳасининг давомини эълон қилиши кутилмоқда.

Агар АҚШ ва НАТО кўзлаётган лойиҳалар Россия тинчлигига хавф соладиган бўлса, Москва Оврўподаги ракетадан мудофаа тизими объектларига огоҳлантирувчи зарба бериш режасини қабул қилиши мумкин,- деб айтган Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Николай Макаров Москвада очилган ракетадан мудофаа тизимига бағишланган халқаро анжуманда.

Айни пайтда Россия томони воқеаларнинг бу тахлит ривожланишига кўзи етмаслигини, вазиятга некбин қараётгани, ҳамкорликда ракетадан мудофаа тизимини барпо этиш мақсадга мувофиқлигини айтган.

"Оврўпода ҳамкорликдаги ракетадан мудофаа тизимини яратиш ер юзидаги қайси мамлакат бўлишидан қатъи назар хавфсизлигини мустаҳкамлаган ва барқарорликни таъминлаган бўлади",- деб айтган Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раиси Николай Петрушев.

Айни пайтда НАТО бош котиби ўринбосари Александр Вершбоу Россия ва НАТОнинг ракетадан мудофаа тизимида ҳамкорлик қилмаслик хато бўлишини, бироқ бу ҳамкорликда албатта сиёсий асос бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Россия НАТО ва АҚШнинг ракетадан мудофаа тизимида ҳамкорлик қилишдан олдин, бу тизим ўзига қаратилмагани ҳақидаги кафолатни талаб қилмоқда.

АҚШ бундай кафолатни қоғозда беролмаслигини билдирган.

Америка махсус вакили Эплен Тошернинг айтишича, Россия билан бу масалада ривожланишга эришилмаган бўлса ҳам, музокаралар олиб борилиши кўзда тутилган.

"Биз ҳозирча Россия илгари сураётган талаблар боис бир қарорга келолмаяпмиз. Биз Россия талаб қилган юридик кафолат бизнинг қўшинларимиз ва ўзимизнинг хавфсизлигимизни чегаралайдиган бўлса, биз бу кафолатни беролмаймиз",- деб айтган Эплен Тошер анжуман очилишидан олдин.

"Бу анжуман Россия учун катта имконият. Биз бу борада кўп маълумотларни тўпладик. Катта иш олиб бордик. Агар ҳозир Американи ўз режаларини ўзгартиришга эришолмасак, кейин қийин кечади. Биз америкаликларга ўйлаш учун муҳлат берамиз ва аниқ жавоб кутамиз",- деб айтган Россия томони.

Олдинроқ 19 апрелда Брюсселда бўлиб ўтган Россия-НАТО кенгаши йиғилишида Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Оврўпода ракета тизими йўналиши Россияга қаратилмаганига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаганини айтган эди.

"Бизга аниқ ва лўнда кафолат керак. Америка ва НАТОнинг ракетадан мудофаа тизими ҳеч бир Оврўпо давлати, жумладан Россияга қаратилмагани, мамлакатимизнинг хавфсизлигига таҳдид солмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Акс ҳолда жуда жиддий қадамлар қўйишимизга тўғри келади",- деб таъкидлаган Сергей Лавров.