Сурия: Алеппода намойишга чиққан талабалар ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Бир қанча талабалар ўз хоналарига қараб қочишди. Лекин уларни ушлаб дўппослашди ва ҳибсга олишди"

Камида тўрт киши Сурия хавфсизлик кучлари ва полиция томонидан Алеппо шаҳридаги талабалар ётоқхонасида ўтказилган тинтув чоғида ўлдирилган.

Чоршанба куни кечқурун Алеппо университети олдидаги антиҳукумат намойиши қурол ишлатиш йўли билан тарқатилган. 200 дан ортиқ талаба ҳибсга олинган.

Гувоҳлар Алеппода деярли ҳар куни талабаларнинг норозилик намойиши ўтиб турган бўлса ҳам, бундай зўравонликларни ҳали кўришмаганини айтишган.

Талабалардан бири Тоир ал-Аҳмаднинг айтишича, полиция 1500га яқин намойишчиларга нисбатан қурол ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатганидан кейин талабалар орасида саросима бошланган.

"Бир қанча талабалар ўз хоналарига қараб қочишди. Лекин уларни ушлаб дўппослашди ва ҳибсга олишди",- деб айтган Тоир ал-Аҳмад Ассошиэйтед Пресс агентлигига.

Унга кўра, тинтув ва отишма пайшанба куни эрта тонггача давом этган.

Фаолларнинг айтишича, ҳукумат кучлари ётоқхонада ким бўлса чиқишини талаб қилишган ва кириш йўлларини тўсиб қўйишган.

Хьюман Райтс Вотч: Сурия армияси "ҳарбий жиноятлар"қилган

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро гуруҳ Сурия ҳарбийларини 12 апрелда оташкесим кучга кириши олдидан ҳарбий жиноятларни амалга оширганликда айблаган.

Хьюман Райтс Вотчга кўра, қуролли тўқнашувда қатнашган томонлар халқаро меъёрларга амал қилиши талаб қилинади.

Фаоллар Алеппо вилоятининг ал-Раи қишлоғида эрта тонгда бошланган тўқнашувларда камида 15 киши ўлдирилганини хабар қилишган.

"Сурия Озодлик армияси"нинг икки аъзоси ҳалок бўлган.

Дамашқ яқинидаги тўқнашувларда олти аскар ўлгани хабар қилинган.

Маҳаллий фаолларга кўра, чоршанба куни мамлакат бўйлаб 10 киши ўлдирилган.

Ҳукуматнинг Кофи Аннан тинчлик режасига рози бўлган 27 мартдан буён эса 800 киши ҳалок бўлгани айтилган.

Хьюман Райтс Вотчга кўра қуролли тўқнашувлар давомида халқаро белгиланган қонунлар 2400 марта қўпол равишда бузилган.

Сурия кучлари камида 95 тинч фуқарони ўлдирган ва мартнинг охири ва апрелнинг бошларида Идлибда юзлаб уйларга ўт қўйилган.

"Сурия ҳукумати оташкесим бошланишидан олдинги ҳар бир дақиқадан фойдаланди. Сурия тарк ва тикучарлари Идлибнинг бир шаҳридан иккинчи шаҳрига қараб ҳужум қилишда давом этишди",- деб айтган Хьюман Райтс Вотчнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директор ўринбосари Анна Нейстат.

38 саҳифадан иборат ҳисоботда ҳукумат кучларининг Шимолий Идлибдаги ҳарбий жиноятлари, ўнлаб одамлар,жумладан болаларни ўлдирилгани,турар жойларни вайрон қилингани келтирилган, юзлаб одамлар ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз ҳибсга олингани айтилган.

"Ҳибсга олинганларнинг учдан икки қисми президент Башар ал-Ассад ҳукуматининг сиёсий маҳбусларни озод қилиш ҳақидаги ваъдаларига қарамасдан ҳали ҳам қамоқда қолмоқда".

БМТ кузатувчиларига кўра, БМТнинг тинчлик режаси 12 апрелда кучга кирганига қарамасдан тўқнашувлар давом этмоқда.

Сурия ҳукумати Хьюман Райтс Вотчнинг ҳисоботини изоҳламаган.

БМТ ҳисоботига кўра ўтган йилги тўқнашувлардан буён Сурияда 9000 дан ортиқ инсон ўлдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ