Путин қасамёдга келтирилди, ҳибслар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россиянинг жорий Бош вазири Владимир Путин расман қасамёд келтириб, учинчи бор президентлик ваколатининг ижросига киришди.

Жаноб Путин шу йил март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолиб чиққанди.

Владимир Путиннинг яна президентлик курсисига қайтиши таҳлилчилар томонидан турлича қарши олинмоқда.

Айримлари Россияни яна 12 йил авторитаризм кутаётганини башорат қилса, бошқаси бу галги президентлиги жаноб Путин учун осон кечмайди, деган фикрда.

Британия собиқ Ташқи ишлар вазири Малколм Рифкиндга кўра, бугунги Россия бундан 12 йил бурун жаноб Путин илк бор президентликка келган Борис Ельцин давридагисидан мутлақ фарқ қилади.

Собиқ вазир, ўз ўрнида, эътиборини Дмитрий Медведев президентлиги даврида Россияда одамларни ислоҳотлар ва янгиланишларга ундаган интеллектуал муҳитнинг пайдо бўлганига қаратади.

Унга кўра, легитимлигини сақлаб қолиш учун Владимир Путин бу гал россияликларга барқарорликда кўра кўпроқ нарса таклиф эта олиши лозим бўлади.

“Агар Путин одамларнинг умидларини оқлай олмаса, бу – жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин”, дейди жаноб Рифкинд.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия иқтисодий жиҳатдан дунёнинг даромади ўртача бўлган қатор давлатлари тўқнаш келган ҳолат - ҳақиқий демократия учун кураш босқичига етган.

Инқилоблар хавотири

Лондон университети профессори Орландо Файжеснинг айтишича эса, Владимир Путин бошчилигидаги янги Россия ҳукуматини бу гал ҳам “норинж инқилоблари” эҳтимоли чўчитмай қўймайди.

“Шу сабабдан ҳам, мамлакат мухолифатининг кўзга кўринган вакилларига нисбатан анчайин шафқатсиз тазйиқларни кутиш мумкин”, дейди у.

Таҳлилчига кўра, Россия мухолифати сони ва қанчалар уюшганлиги жиҳатдан жаноб Путиннинг сиёсий хоҳиш-иродасига қарши кучли даъват билан чиқишга қодир эмас.

“Лекин Россия зиёли қатлами орасида ортиқ бундай давом этиши мумкин эмас, деган кайфият кучайган. Бу инсонлар психологиясида юз берган муҳим ўзгариш”, дейди у.

Ғарблик қатор таҳлилчилар буни жаноб Путиннинг ўзи ҳам яхши англаб турибди, деган фикрда.

Уларнинг айтишларича, Владимир Путин Бош вазирлиги остида Россияда коррупция ва амалдорларнинг дахлсизлиги кенг қулоч ёйган.

Россияда шаклланган янги авлод эса, эркин матбуот, янада шаффоф сиёсий тизим ва ўзларини алдаб, қўрқитиб келаётган ҳукумат вакилларига нисбатан қатъийроқ жазо кўрилишини истайди.

Таҳлилчиларга кўра, агар Россияда халқ кутган ислоҳотлар амалга ошмайдиган бўлса, бу инқилобларга ҳам етаклаши мумкин.

"Миллионлар марши"нинг кеча Москва марказида ҳибсга олинган олти юздан ортиқ иштирокчилари тунни турли полиция идораларида ўтказишган.

"Сўл қанот" раҳбари Сергей Удалцов ,сўнгра Борис Немцов ва Алексей Навалний ҳам озод қилиниб, минг рублm миқдорида жаримага тортилганлар.

Ҳибслар

Москвада мухолиф аъзоларини ҳибсга олиш давом этмоқда.

Москва полицияси Чистие прудида тўпланган мухолифат фаолларини ушлаган.

Россия пойтахтида расмийларга кўра, аввалроқ "рухсат этилмаган намойиш ўтказган"лиги учун президент Путин инаугурациясига қарши йиғилган намойишчилардан қарийб 120га яқини ҳибсга олинган.

Би-би-си мухбирининг айтишича, ОМОН чилар маълум вақтдан кейин Чистие прудига қайтиб келиб, тўпланганларни яна ушлаб кета бошлаган.

"Кимнинг қўлига оқ лента ўралган бўлса секин-асталик билан ҳеч бир сабабсиз олиб кетмоқда. Ярим соатнинг ичида ўндан ортиқ одамни ушлашди", дейди мухбиримиз.

Бу мавзуда батафсилроқ