Олмония маҳкамасида собиқ ЎИҲ аъзосига етти йиллик қамоқ жазоси сўралди

Image caption "Эктремистларни тарбиялаган" Ҳамбургдаги масжид ёпилган эди

Олмония прокурорлари Ал Қоида ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айбланаётган 37 яшар, асли келиб чиқиши афғонистонлик бўлган Аҳмад Вали Сиддиқийни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўрашган.

Прокурорларга кўра, Сиддиқий Олмония ва бошқа жойларда террорчи ҳужумлар уюштиришни режалаган.

Сиддиқий 2010 йилда Афғонистонда Америка кучлари томонидан қўлга олинганди.

Сиддиқий ҳибсдалигида Ал Қоиданинг Оврўпо шаҳарларига ҳужумлар режалагани ҳақида тафсилотларни ошкор этган эди.

Шундан сўнг Олмония мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтирган эди.

Мулозимларга кўра, Сиддиқий Ҳамбургдан Покистон ва кейинроқ Афғонистонга йўл олган ўндан ортиқ радикал кайфиятда бўлган мусулмонлардан биридир.

Сиддиқий маҳкама жараёнларидан бирида “Биз америкаликларга қарши жанг қилишни истагандик..." – деган эди.

Ҳали ўсмир экан Олмонияга ҳижрат қилган Аҳмад Вали Сиддиқий, Покистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, Афғонистондаги АҚШ кучларига қарши жанг қилишни режалаштирганини айтган.

Ҳамбургдан Афғонистонга жиҳодга отланган гуруҳнинг бир неча аъзоси ё қўлга олинган ёда ҳалок этилган.

Гуруҳнинг бошқа бир аъзоси асли суриялик олмон фуқароси Рами Маканесий ўтган йил ал-Қоида гуруҳига аъзоликда айбланиб Франкфурт маҳкамаси томонидан 4 йилу 9 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Сиддиқий ўз сафдошлари билан Покистонга йўл олишидан аввал Ҳамбургдаги ал-Қудс масжидида учрашган, дейди Олмон истиҳбороти расмийлари.

Ал-Қудс масжиди Олмония ҳукумати томонидан беркитилган.

Прокурорларнинг даъво қилишларича, Аҳмад Вали Сиддиқий умумий ҳарбий машғулотни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан юритилувчи жамлоқлардан бирида олган.

У жамлоқда экан олмон тилида тайёрлаган тарғибот филми маҳкама пайтида намойиш этилган.

Сиддиқий 2009 йил ёзида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жамлоғини тарк этади ва ал-Қоида томонидан юритилувчи жамлоққа йўл олган, дейишади қораловчилар.

Ал-Қоида жамлоғида, уларга кўра, Аҳмад Вали Сиддиқий оғир қуроллардан фойдаланишни ўрганади ва 2010 йил июнида "юқори мартабали ал-Қоида аъзоси" унга Олмонияга қайтишни ва ташкилотнинг Оврўподаги бўлими фаоли бўлишни буюради.

Аҳмад Вали Сиддиқий Афғонистон пойтахти Кобулда Америка кучлари томонидан қўлга олиниб, ўтган йил апрелда Олмония ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.