Дмитрий Медведев Россия Бош вазири бўлди

Дмитрий Медведев расман Россия бош вазири этиб тайинланди.

Бу ҳақда Президент Путин қарор имзолади.

Давлат Думаси ҳам Медведев жанобларининг номзодини Бош вазирликка тасдиқлади.

Табиийки, унинг номзоди Владимир Путин томонидан тақдим этилганди.

Медведев жанобларини асосан “Ягона Россия” ва ЛДПР вакиллари қўллаб қувватлаганлар.

ЛДПР вакилларидан бири Андрей Луговойнинг айтишича, гарчанд фракция Медведевни қўллаган бўлса ҳам янги Бош вазирга бир неча саволлари бор.

"Саволлар кўп ва улар “Ягона Россия”нинг барча вакилларига тегишлидир. Асосий савол қандай қилиб ҳокимиятни монополиядан холи қилиш билан боғлиқ бўлиб турибди. Аммо кейинги пайтлар Президент ҳам Бош вазир ҳам ҳокимиятни монополиялаштириш давлатчиликни барбод қилишини тушуниб етмоқдалар”, деб айтган Луговой Би-би-си рус хизмати билан суҳбатда.

“Адолатли Россия” фракциясининг раҳбари Сергей Миронов ўз аъзоларини Медведев номзодига қарши овоз беришга чақирди.

Коммунистлар партияси вакиллари эса Медведев жаноблари билан тонгги учрашувдан кейин унинг номзодини қўлламасликка қарор беришган.

Геннадий Зюгановга кўра, Медведев эски бошқарув йўлидан қайтмайди ва бу мамлакатни боши берк кўчага киритган. “ Биз Медведевга қарши овоз берамиз”, деб айтган коммунистлар раҳбари.

Медведев жанобларини Владимир Путин “ янгиланиш ва тараққиётга бел боғлаган тажрибали сиёсатчи” деб таништирган.

Владимир Путинга кўра, Медведев шунингдек барча партия ва жамоатчилик ҳаракатлари билан конструктив ҳамкорликка тайёр бўлади.

Дмитрий Медведев ҳам ўз чиқишида ҳамма сиёсий кучлар билан мулоқотга киришиши ва бу унинг сиёсий вазифаси эканини айтган.