Генерал Дўстум: "Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиши мумкин"

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи junbesh.net
Image caption Афғонистондаги кўплаб ўзбеклар генерал Дўстумни ўз етакчилари сифатида кўришади

Афғонистондаги таниқли қўмондонлардан бири, генерал Абдулрашид Дўстум Толибон билан қудрат бўлишиш Афғонистонда яна фуқаролар урушини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бу ҳақда генерал Дўстум мамлакат шимолидаги Жаузжон шаҳрида минглаб тарафдорлари ўнгида қилган чиқиши чоғида маълум қилди.

Генерал Абдулрашид Дўстум Би-би-си билан суҳбат чоғида Афғонистоннинг шимолий минтақаларида Толибон исёнчиларининг куч олаётганини "ташвишли ҳол" дея баҳолади.

Жаноб Дўстум халқаро иттифоқчи кучлар Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан мамлакатда фуқаролар уруши яна ўт олиши мумкинлигидан ташвиш изҳор этди.

Миллати ўзбек бўлган генералнинг айтишича, ҳозирда Афғонистоннинг Покистонга чегарадош ҳудудларида тахминан 40 минг Толибон исёнчилари мавжуд ва улар Афғонистонда тинчликни издан чиқариб юборишлари мумкин.

У ўз тарафдорларини агар шундай ҳолат юзага келадиган бўлса, Афғонистон миллий армиясини дастаклашга чақирди.

Абдулрашид Дўстум Толибларнинг Афғонистоннинг шимолий вилоятларида фаоллашиб бораётганига ва уларнинг сафи ортиб бораётганинг унинг шахсан ўзи гувоҳ бўлаётганини айтди.

Жаноб Дўстум Афғонистонда 1990-йилларда фуқаролар уруши авж олган паллада ҳам у таваллуд топган Жаузжон вилоятида тинчлик ҳукмрон бўлгани, аммо бугунга келиб бу вилоятда ҳам исёнчилар ҳужумлари кучайиб бораётганини айтди.

У Элбурс тоғи, Фақи Наймадон, Ширам ва Сарипул каби Афғонистон шимолидаги "стратегик муҳим" минтақаларда Толиблар ўрнашиб олганини айтди.

Генерал Дўстум мазкур минтақалардаги исёнчиларга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ал-Қоида ёрдам бераётганини билдирди.

Унинг ишонишича, агар мазкур минтақаларда Толиблар фаолияти бартараф этилмаса, тез орада улар минтақа учун жиддий хавфга айланиши мумкин.

"... Шу паллада уларнинг теъдоди 350 нафар. Бир йилнинг ичида улар 2 мингга боради. Сўнгра агар иттифоқчи кучлар (Афғонистондан) чиқса, уларнинг олдини олиш жуда қийин бўлади," - деб огоҳлантирди генерал Абдулрашид Дўстум.

Жаноб Дўстумнинг ҳозир Афғонистон ҳукуматидаги расмий амали ўта баланд эмас, аммо амалда унинг таъсири жуда кучли.

Афғонистондаги ўзбекларнинг аксари 58 яшар генерал Дўстумни ўзларининг етакчилари ҳисоблашади.

Бу мавзуда батафсилроқ