Украина собиқ бош вазири колониядан шифохонага келтирилди

Тимошенко Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шифохонага йиғилган Тимошенко тарафдорлари "Юлияга озодлик!" қичқирганлар

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко жазони ўташ колониясидан шифохонага келтирилган ва ҳозирда очлик амалидан чиқарилмоқда.

Украина Жазони ижро этиш хизмати хабар беришича, Тимошенко хоним чоршанба куни эрталаб соат 8 да Харковдаги Марказий клиник шифохонага келтирилган.

Гувоҳлар сўзларига кўра, Юлия Тимошенко шифохонага "Тез ёрдам" машинасида келтирилган. Уларга ДАН автомобиллари ва "Беркут" махсус бўлинмаси ҳамроҳлик қилган.

Шифохонага кираверишда Тимошенко хонимнинг бир гуруҳ тарафдорлари "Юлияга озодлик!" дея қичқирганлар.

Украинанинг УНИАН ахборот агентлиги хабар беришича, шифохонадаги беморларга ташқарига чиқиш ман қилинган.

Украиналик шифокорларсиз

Сешанба куни Юлия Тишмошенконинг қизи Евгения унинг онаси очлик даврида тахминан 10 килограммга озганини айтган.

Уни очликдан чиқариш ва даволаш билан олмон шифокори Лутс Ҳармс шуғулланади.

Украина ҳукумати мухолифат сиёсатчисининг шифохонага ётқизилиши уни даволаш масаласида юзага келган дипломатик инқироз ечимини топишда ёрдам беришига умид қилмоқда.

Тимошенко уч ҳафтача муқаддам мамлакатдаги сиёсий вазиятга эътирозан очлик қилишни бошлади.

Собиқ бош вазир, шунингдек, 20-апрел оқшомида уни шифохонага мажбуран келтирган колония хизматчилари томонидан калтакланганини даъво қилди.

Аммо Украина Бош прокуратураси унинг бу даъвосини инкор этди.

Ҳимоячи Сергей Власенко сўзларига кўра, Юлия Тимошенко соғлиги ҳозирда ўта оғир ва у ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Тимошнконинг қизи Евгениянинг айтишича, унинг онаси тахминан 10 килограммга озган ва уни очликдан чиқариш учун яна 10 кунча вақт кетади.

Ҳимоячиларнинг тасдиқлашларича, Тимошенко ўзига келтириш жараёнига ҳозир Харковда бўлган олмониялик шифокор Лутс Ҳармс раҳбарлик қилсагина, даволанишга рози бўлишини айтган.

Сергей Власенко агар собиқ бош вазирни тиббий кўрикдан ўтказиш билан украиналик шифокорлар шуғуллансалар, у даволанишдан воз кечишини айтган.

Аввалроқ Украина ҳукумати 11-12 майга белгиланган Марказий ва Шарқий Оврўпо давлатларининг Ялта саммитини бекор қилишга мажбур бўлди.

Бунга кўплаб Оврўпо мамлакатлари раҳбарларининг Тимошенкога боғлиқ вазият туфайли саммитни бойкот қилиш қарори сабаб бўлди.

Оврўполик сиёсатчилар футбол бўйича Украинада июн ойида бўлиб ўтажак Оврўпо Чемпионатини бойкот қилишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ