Обама: Айни жинсдаги жуфтларга турмуш қуриш имкони берилиши керак

Барак Обама Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Барак Обама АҚШ тарихида айни жинсдаги инсонларнинг турмуш қуришини қўллаб-қувватлаган илк президентга айланди

АҚШ Президенти Барак Обама айни жинсдаги инсонларнинг турмуш қуришларига қарши эмаслигини очиқча эътироф этди.

Унга кўра, айни жинсдаги жуфтлар турмуш қуриш имконига эга бўлишлари лозим.

Шундай қилиб, Барак Обама Қўшма Штатлар тарихида гей-никоҳлар ғоясини қўллаб-қувватлаган илк президентга айланди.

Шу йил ноябрида ўтказилажак президент сайловида жаноб Обаманинг асосий рақиби бўлиши кутилган Митт Ромни эса ҳамжинсбозлар никоҳига қарши эканини айтган.

Президент Обамадан бир неча кун олдин АҚШ Вице-президенти Жо Байден ва Таълим вазири Арне Дункан гей-никоҳларни қўллаб-қувватлашлари ҳақида билдирган эдилар.

Чоршанба куни Gallup ширкати томонидан ўтказилган ижтимоий сўров америкаликларнинг 50% гей-никоҳларни қонунийлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлашини кўрсатган (бу ўтган йилга нисбатан бир неча фоиз озроқдир).

Айни дамда сўров қилинганларнинг 48% бир жинсдаги инсонларнинг турмуш қуришига қарши эканликларини билдирганлар.

АҚШ президентининг Эй-би-си телеканали билан суҳбати, афтидан, ўта қисқа вақт ичида тайёрланган, зеро жамоатчилик Обамадан айни масалада ўз мавқеъини билдиришни талаб қилаётганди.

"Бир палллада ўз мавқеъимни аниқ билдиришим ўта муҳим, деган хулосага келдим: мени фикримча, айни жинсдаги жуфтлар турмуш қуриш имконига эга бўлишлари керак", - деди Обама.

Оилавий омил

АҚШ президенти сўзларига кўра, у ўз маъмуриятида ва бюджет соҳасида ишлаётган гейларни кўриб, ўз қарашларини ўзгартирган. Обаманинг айтишича, мустаҳкам моногам жуфтлар, никоҳ қуриш имконияти бўлмагани учун, ўзларини эркин ҳис қила олишмайди.

Обаманинг илова қилишича, ҳамжинсбозлар масаласини оиласи аъзолари билан муҳокама қилгач, ўз муносабатини ўзгартирган.

"Баъзи пайтлар биз Мишел билан... Малия ва Саша билан бир дастурхон атрофида ўтириб, бу масалани муҳокама қилардик. Фарзандларим уларнинг дўстлари ота-онасига қандайдир бошқача муносабат бўлишини тасаввур ҳам қила олишмайди", - деди Барак Обама.

"Улар учун бу - бемаънилик, ва, ростини айтганда, бундай муносабат инсон нуқтаи назарини ўзгартиришга ёрдам беради", - дея илова қилди у.

Қўшма Штатлардаги 50 штатдан 31 тасида айни жинсдаги инсонларнинг никоҳ қийишига қарши махсус қонунлар қабул қилинган.

Республикачи Мит Ромни ҳам айни масалада ўз фикрини жамоачтликка билдирган. У гей-никоҳларга қарши эканини айтган.

"Мен айни жинсдаги инсонларнинг турмуш қуришини қўллаб-қувватламайман" , - деб айтган жаноб Ромни Fox News телевизион канали билан суҳбатда.