Андерс Брейвикка маҳкама залида пойафзал отишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Брейвик ўзига пойабзал улоқтирилишини киноя билан қабул қилган

Норвегиянинг Утойя оролида Андерс Брейвик томонидан отиб ўлдирилган 69 қурбонлардан бирининг яқини жума кунги маҳкамада Брейвикка қарата пойафзалини отган ва "Қотил! Сен менинг инимни ўлдирдинг! Жойинг жаҳаннамдан бўлсин!",- деб қичқирган.

Пойафзал Брейвикнинг ҳимоячисига теккан.

Маҳкамада иштирок этаётганларнинг кўпчилиги бу ишни чапак чалиб олқишлашган. Баъзилари йиғлашган.

17 кундан буён давом этаётган маҳкама жараёнини судья маълум муддат тўхтатишига тўғри келган.

Ҳодиса Брейвик қурбонларидан бирининг жасади очилганидаги тафсилотлар ўқиб эшиттирилаётганида содир бўлган.

Брейвикнинг ҳимоячиси ўзига "бор-йўғи пойафзал " текканидан хурсандлигини айтган.

Пойафзал улоқтирган киши ироқлик бўлиши мумкинлиги айтилган.

Маҳкама иши қайтадан давом этганида Брейвик залдагиларга қараб, "агар сиз менга нимадир итқитмоқчи бўлсангиз, мен кириб келганимда ёки маҳкама залидан чиқиб кетаётганимда улоқтиринглар, менинг ҳимоячимга эмас",-деб айтган.

Чоршанба куни Ослодаги маҳкамада Андерс Брейвик уюштирган қирғиндан омон қолганларнинг кўрсатмалари тингланган.

Шу кунга қадар Утойя оролидаги қирғиндан омон қолган ўсмир ва уларнинг қариндошлари маҳкамада йиғлашгани кузатилган, лекин ҳеч ким Брейвикка бирор нарса улоқтирмаган.

2011 йил 22 июлида Осло марказида бир автомобил портлатилган, орадан бироз вақт ўтганидан кейин Ослога яқин Утойя оролига йиғилган ўспиринлар отиб ўлдирилган эди.

Брейвик бу жиноятларни содир этганини, 77 инсоннинг умрига зомин бўлганини тан олган.

Ослодаги портлашда саккиз инсон ҳалок бўлган.

69 киши Утойя оролида ҳаётдан кўз юмган, улар Норвегияда ҳозир қудратда бўлган Ишчилар партиясининг ёшлар қаноти аъзолари бўлганлар.

Андерс Брейвик Ишчилар партияси вакилларига бу партия Оврўпода "мусулмонлар босқини"га бамайлихотир қўл қўйиб бераётгани учун ҳужум қилганини айтган.

Унинг хотиржамлик билан содир этган жинояти бутун дунёни ларзага солган.

Брейвикнинг руҳий саломатлигини текширишга қарор қилинган.

Брейвикка нисбатан айблов июлда чиқарилади.

Маҳкама Брейвикни ақлан ожиз деб топса, мажбурий даволаш қарори қабул қилиниши мумкин.

Акс ҳолда, унга Норвегия қонунларида белгиланган энг узоқ 21 йиллик қамоқ жазоси берилиши, сўнгра бир умрлик қилиб ўзгартирилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ