JP Morgan Chase 2 миллиард доллар зарар кўрганини эълон қилди

JPMorgan Chase Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption JPMorgan Chase дунёнинг энг йирик банкларидан бири ҳисобланади

Американинг энг йирик банки JPMorgan Chase кутилмаганда 2 миллиард долларга яқин савдо зарари кўрганини эълон қилди.

Бунга банк трейдерларининг сармоя ётқизишда йўл қўйган умумий хатолари сабаб бўлган.

Фойда ва зарарларнинг якуний ҳисоб-китобини қилган JPMorgan Chase сармоя бўлими йилнинг иккинчи чорагини тахминан 800 миллион доллар зарар билан беркитишга умид қилмоқда.

Банк бошлиғи Жеми Даймон сўзларига кўра, ютқизишлар 1 миллиард долларга яқин бўлиши ҳам мумкин эди.

Йирик зарар кўргани ҳақида эълон қилиши ортидан JPMorgan Chase ҳиссалари 6% га арзонлаган. Бу ҳолат бошқа банклар ҳиссаларининг тушиб кетишига ҳам туртки берган.

Goldman Sachs, Citigroup ва Bank of America ҳам биржалар ёпилиши ортидан олиб борилган электрон савдода ўз қимматбаҳо қоғозларининг нархи тушиб кетиши туфайли катта зарар кўрганлар.

Жаноб Даймон изоҳ беришича, банкнинг бу миқдорда зарар кўришига банкнинг сармоя бўлими танлаган стратегия сабаб бўлган.

"Кўп хатоларга йўл қўйилган ва нотўғри қарорлар олинган. Бу хатолар ўта қўпол бўлган", - деди JPMorgan Chase раҳбари трейдерлар иши ҳақида гапирар экан.

Банкнинг сармоя бўлими хейч-фондларга сармоя ётқизиш билан шуғулланади.

Йирик савдо зарари нафақат банкнинг молиявий кўрсаткичларини издан чиқаради, балки унинг обрўсига доғ туширади ва мижозларни банкдан узоқлаштиради.