Шимолий Кореяда одамхўрлар қатл қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шимолий Кореялик қочқинлар 90-йилларнинг охирларидаги очарчилик келтириб чиқарган одамхўрлик ҳодисаларидан гувоҳлик беришган.

Шимолий Корея ҳукумати кейинги йилларда каннибализм, яъни одамхўрликда айбдор камида уч кишини омма олдида қатл қилган, деб таъкидлайди Жанубий Корея экспертлари.

Шимолий Кореялик қочқинлар бир неча йиллардан буён мамлакатда 1990 йилларнинг охирларидаги оғир очарчилик келтириб чиқарган одамхўрлик ҳодисалари ҳақида айтиб келишади.

Ҳужжатларда Шимолий Кореяда одамхўрлик оқибатида камида икки миллион киши ҳалок бўлгани келтирилади.

Ренхал агентлиги тарқатган Корея миллий бирдамлик институтининг ҳисоботига кўра, 2009 йил Ҳесан шаҳрида кичкина қизчани ўлдириб еган эркак омма олдида қатл қилинган.

Муваффақиятсиз миллий валюта реформаси пайдо қилган озиқ-овқат маҳсулотларининг кучли танқислиги оқибатида рўй берган даҳшатли воқеалар шимолий кореялик қочқинлар орқали маълум бўлган.

2011 йил Корея миллий бирдамлик институти тадқиқотчилари шимолий кореялик 230 қочқин билан суҳбатлар ўтқазишган.

Тадқиқотчиларга кўра, 2006 йил Шимолий Кореянинг шарқий вилоятилик икки киши - ота ва ўғил одамхўрликда айбланиб отувга ҳукм қилинган.

2011 йил Жанубий Корея миссионерлик ташкилоти эълон қилган Шимолий Корея полициясининг 2009 йилги хисоботида ҳам бир неча каннибализм ҳодисалари қайд этилган.

Бу ҳужжатларга кўра, очликка чидолмаган қўриқчи болта билан ўзининг ҳамкасбини уриб ўлдиради, гўштини еб, қолган қисмини бозорда қўй гўшти деб сотади.

Унинг қандай жазо олгани полиция ҳужжатларида келтирилмаган.

Яна бир қочқиннинг айтишича, Шимолий Кореяда ҳозирда каннибализм, одамхўрлик ҳодисалари кузатилмаган.

У ўзининг собиқ хамкасблари билан гаплашиб туришини айтган.

Шимолий Кореянинг деярли ёпиқ мамлакатлигига қарамасдан, Хитой билан чегарадош туманларда яшовчи аҳоли хитой номерлари бўлган қўл телефонларидан фойдаланишади.