Афғонистон шимоли яна бир ҳалокатли ҳужумга саҳна бўлди

Афғон полициясига кўра, мамлакат шимолидаги бозорлардан бирида юз берган бомба портлашида 9 киши нобуд бўлган.

Фарёб вилоятининг Ғурмоч туманида юз берган ушбу ҳодисада вилоят кенгаши расмийси ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Маҳаллий шифокорнинг Би-би-сига айтишича, ҳужумда камида 10 киши тан жароҳати олган.

Ўтган ой Фарёбдаги вилоят расмийлари йиғини чоғи амалга оширилган худкушлик амали камида 10 инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Аммо, Афғонистон шимоли, айниқса, Фарёб вилояти мамлакат жануби ва шарқига нисбатан тинчроқ ҳисобланади.

Полициянинг Рейтерс ахборот агентлигига айтишича, бугунги бомба узоқдан бошқарилувчи ускуна ёрдамида ишга солинган.

Портлаш вақтида бозор харидорлар ва тижоратчилар билан гавжум бўлган.

Ҳалигача бирон бир гуруҳ мазкур ҳужум масъулиятини зиммасига олгани йўқ, бироқ одатда Толибон баҳор келиши билан ҳужумларини кучайтиради.

Якшанба куни собиқда Толибон вазирларидан бири бўлган ва кейинчалик тинчлик музокарачисига айланган Арсала Раҳмоний Кобулда ишга кетаётган маҳал отиб кетилганди. Бу эса, Президент Карзайнинг миллий ярашув борасидаги умидларига кучли зарба сифатида талқин этилмоқда.

НАТО кучлари 2014 йилга қадар хавфсизлик масъулиятини тўла афғонларга топширишлари режаланган.

Бу мавзуда батафсилроқ