Франсуа Олланд қасамёд қабул қилган

Image caption Франсуа Олланд Елисей саройидаги маросимни серҳашам бўлмаслигини айтган

Франциянинг янги президенти сифатида Франсуа Олланд қасамёдга келтирилган.

У Франсуа Миттерандан кейин ўтган 17 йил ичида бу лавозимни эгаллаган биринчи социалист ҳисобланади.

Инаугурация маросими маҳаллий вақт билан соат 10да Парижнинг Елисей саройида бўлиб ўтган.

Жаноб Олланд Никола Саркози билан ҳам учрашиб, суҳбатлашган.

Маросимда 350 дан ортиқ меҳмонлар ва расмий кишилар қатнашган.

Янги президент Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйган.

Франсуа Олланд ўз нутқида ўзининг сиёсий фаолиятига 19 асрнинг реформатори ҳисобланган Жюл Ферри ва Нобел мукофоти лауреати Мария Склодовская-Кюрилар катта таъсир ўтказганини таъкидлаган.

Франсуа Олланд президент сифатида янги бош вазирни сайлаши кутилмоқда.

Бош вазир этиб социалистлар раҳбари Жан-Марк Айро, Олланднинг иқтисод ишлари бўйича маслаҳатчиси Мишель Сапен иқтисод вазири этиб сайланиши мумкин.

Сешанба куни кечқурун Франциянинг янги президенти Олмония канцлери Ангела Меркель билан учрашиш учун жўнаб кетади.

Ангела хоним Олландни қучоқ очиб кутиб олишини айтган.

Сайлов компанияси даврида Ангела Меркель Никола Саркозини қўллаб-қувватлаган эди.

Франция ва Олмония Оврўподаги йирик иқтисодий давлатлар сифатида евроҳудуднинг инқироздан чиқишида муҳим ўринга эга бўлиб қолар экан, икки давлат раҳбарининг келишувга келишлари талаб қилинади.

Франсуа Олланд Берлиндан қайтгач, парламентда биринчи йиғилиш ўтказиши айтилган.

Шундан сўнг президент Барак Обама билан учрашиш учун Вашингтонгга сафар қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ