Эронда ядрофизикнинг ўлимида айбланган шахс қатл қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўлимга ҳукм қилинган Мажид Жамол ўзига қўйилган айбловларни тан олган, мухолифат эса олимнинг ўлимида ҳукуматни айблаган.

Эрон 2 йил олдин ядровий олимни ўлдирганликда айбдор деб топган кишини осиб ўлдирган.

2010 йил январида уйи олдида бомба портлатилиши оқибатида ҳалок бўлган профессор Маъсуд Али Муҳаммадининг қотили деб саналган 24 ёшли Мажид Жамол Фаший ҳибсга олинади.

Расмийларга кўра, Исроилнинг жосуслик хизмати Моссад портловчи модда ортилган мотоциклни Теҳрондаги профессор уйи четида қўйиб кетгани учун Мажид Жамол Фашийга 100 минг доллар тўлаган.

Теҳрон ушбу ҳужумларда Исроилни айблаган, Исроил томони бу борада бирор шарҳ бермаган.

Профессор Муҳаммади Теҳрон университетида физикадан сабоқ берган.

Профессор Масъуд Али Муҳаммадий ўлимидан кейин Эронда 4 ядровий мутахассис ўлдирилган.

Эрон бу қотилликларда ўзининг атом лойиҳаларини барбод қилишга уринаётган Исроил ва Американи айблаган.

Бу икки мамлакат Эрон атом қуроли яратиш учун ҳаракат қилаётганини айтиб келади.

Расмий Теҳрон бу лойиҳалар фақат тинчлик мақсадларини кўзлаганини айтиб, бу айбловларни рад қилган.

Ўлимга ҳукм қилинган Мажид Жамол 2011 йил августида Эрон телевидениесида қилган мурожаатида профессорни ўлдирганини тан олган ва маълумотлар йиғиш операцияларида қандай қатнашганини гапириб берган.

Бироқ Эрон мухолифати ўзининг тарафдори бўлган профессор Муҳаммадининг ўлимида ҳукуматнинг ўзини айблаган.

Бугунги қатл Эрон ўзининг баҳсли ядровий дастурига бағишланган халқаро музокараларда қатнашаётган пайтга тўғри келган.

Бу мавзуда батафсилроқ