Ратко Младич устидан маҳкама бошланди

Ҳагадаги собиқ Югославия бўйича Халқаро Трибуналда Босния серб армиясининг генерали Ратко Младич устидан маҳкама бошланган. Младич инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

У 1995 йилда Сребреница қишлоғида 8 мингга яқин мусулмон эркак ва болаларни ўлдирганликда гумон қилинади.

Прокурорлар Младични, шунингдек, 10 минг одамнинг ўлимига олиб келган Сараево шаҳри қамалини мувофиқлаштирганликда ҳам айблайдилар.

69 ёшли собиқ генерал 16 йил давомида халқаро трибуналдан яшириниб юрганидан сўнг, ўтган йил майида серб махсус хизматлари томонидан қўлга олинган ва Ҳага трибуналига топширилганди.

Ҳагадаги Би-би-си мухбирининг айтишича, Сребреница ҳамда Сараевода содир этилган жиноятлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Оврўпода содир этилган энг жиддий ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.

Младич ўзига қарши илгари сурилган айбларни "мудҳиш" деб атаган.

Ҳага трибунали Младич айбини танолмаганини айтган.

Маҳкаманинг биринчи мажлисида тўқ кулранг костюм кийиб олган собиқ генерал трибунал ҳакамларини қарсак чалиб, истеҳзоли олқишлаган ва уларга қараба кўрсаткич бармоғини баланд кўтарган.

Прокурор Дермот Грум ўз чиқишини Младичга қўйилган жиноятлар ҳақида ҳикоя қилувчи видео намойиши билан бошлади.

Қораловчи бундан тўрт кун аввал ратко Младич бошқарган ҳарбий округнинг тузилганига роппа-роса 20 йил тўлганини эслатиб, бу санани "қайғули юбилей" деб таърифлади.

"Шундан буён Младич жиддий жиноятларда тўғридан-тўғри иштирок этган", -деди прокурор.

Прокурорнинг айтишича, Младич жинсий зўравонликдан уруш қурли сифатида фойдаланган.

"Жинсий зўравонлик йўли билан содирр этилган жиноятлар Босниядаги этник тозалашларнинг ажралмас бир қисми бўлган. Асосан аёллар, шу билан бирга эркаклар ҳам бу каби даҳшатли жиноят нишони бўлганлар", деди Хага трибунал прокурори.

Маҳкама жараёнида Младич бир неча марта ҳакамнинг сўзини бўлиб, луқмалар ташлаб турди.

Ўтган йили ҳакамнинг кимлигини тасдиқлаш ҳақидаги сўровига жавобан у "Менинг кимлигимни бутун дунё билади!" деб ҳезланган эди.

"Мен генерал Ратко Младич. Мен ўз халқимни, мамлакатимни ҳимоя қилганман... ҳозир ўзимни ҳимоя қилаяпман", - деган Младич.

Кўпчилик 69 ёшли Младич маҳкаманинг охиригача етиб бормаслиги мумкин, деган хавотирда.

У бир неча марта соғлигидан шикоят қилган.

Прокурорларга кўра, жиноий далилларни тақдим қилиш учун 200 соат вақт керак, жаъми 400га яқин гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланади.

2006 йилда Югославиянинг собик президенти Слободан Милошевич Ҳагада тутқунликда вафот этган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ