Чечен президенти мамлакат ҳукуматини тарқатиб юборди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рамзон Қодиров Кремлга содиқ раҳбардир

Чеченистон Президенти Рамзон Қодиров республика ҳукуматини қилган ишлари учун олқишлаган, лекин ҳеч қандай изоҳсиз тарқатиб юборган.

Мутахассисларга кўра, бу билан жаноб Қодиров Россия ҳукуматига садоқатини намоён қилмоқчи.

"Вазирлар маҳкамаси катта кўламли ишларни қилди, қийин вазифаларни бажарди. Умуман олганда, ҳукуматнинг фаолиятидан мамнунман", - деди Қодиров бош вазир муовинлари ва бош вазир вазифасини бажараётган Магомед Даудов билан билан учрашуви чоғида.

Чеченистон сўзларига кўра, "вақт бир ерда турмайди, қаршимизда янги вазифалар, янги муаммолар турибди". Бу янги вазифаларни энди янги ҳукумат бажаради.

"Табиийки, янги муаммоларни ҳал қилиш учун янги йўналиш, стратегия ва тактика керак. Бу вазифалар самарали амалга оширилиши учун ҳукумат таркибида ўзгартиришларга зарурат бор. Шунинг учун мен янги ҳужжатга имзо чекдим ва бугундан бошлаб республика ҳукумати истеъфога чиқади", - деди Қодиров.

Таҳлилчилар чечен ҳукумати таркибидаги ўзгаришларни Россия ҳукумати тепасидаги ўзгаришлар билан боғлашмоқда.

"Чеченистон федерал ҳукумат билан яқин алоқаларга таянади. У бир томондан Президент Путинга ишора қилмоқда, иккинчи томондан эса Бош Вазир Медведевга янги федерал сиёсатга мос ҳукумат тузишга тайёр эканини айтиб қўймоқчи", - дейди Энг янги мамлакатлар институтининг директори Алексей Мартынов.

"У айни дамда федерациянинг бошқа субъектларига ҳам "менга қараб иш тутинг" деган ишорани йўллаяпти", - дейди у.

Унинг фикрида, Қодиров янгича сиёсий форматга тезроқ мослашиб олиш истагини намоён қилаётир.

Сайловларда ғолиб чиққан Владимир Путин мамлакат президенти лавозимида иш бошлар экан, собиқ президент Дмитрий Медведев, аввал кутилганидек, ҳукуматни бошқараяпти.

15 майда Медведев янги вазирлар маҳкамаси таркиби борасида Президент Путинга таклифларини тақдим қилган, лекин, "керагидан ортиқ қизиқиш уйғотмаслик учун" вазирлик лавозимларига номзодлар рўйхатини ошкор қилмади.