Америкада "Йирик саккизлик" саммити якунланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Йирик саккизликнинг асосий эътибори евроҳудуд, Афғонистон, Эрон ва Сурияга қаратилган

Кэмп-Дэвидда дунёнинг ривожланган "Йирик саккизлик" давлатлари саммити сўнггида Америка президенти Барак Обама Оврўпони янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодни ўстиришга асосий диққатни қаратишни сўраган.

Евроҳудуд инқирозини муҳокама қилган давлат раҳбарлари Юнонистон европул бирлиги ҳудудида қолиши керак, деган хулосага келишган.

Америка президентининг қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Америка, Буюк Британия, Олмония, Франция, Италия, Япония, Канада ва Россия давлати вакиллари иштирок этишган.

Йирик саккизликнинг асосий эътибори евроҳудуд, Афғонистондан 2014 йилда халқаро кучларни олиб чиқилиши, Эрон ва Сурия масалаларига қаратилган.

Россия номидан иштирок этган бош вазир Дмитрий Медведев саммитни "мазмунли" ва "муаммолардан холи" бўлганини айтган.

Россия президенти Владимир Путин учрашувда қатнашиш имкони бўлмаганлигидан афсусдалигини Барак Обамага билдирган.

Якуний матбуот анжуманида Медведевдан Россия ҳукуматининг янги тартиби ҳақида сўралган.

Жаноб Медведев янги ҳукумат тартиби тузилаётганини айтган, бироқ ўзи президент Путинга кимларни тавсия қилганини ошкор этмаган.

Россия ва Ғарбнинг Сурияга нисбатан турлича ёндошувларига қарамасдан, 19 майда "Йирик саккизлик" раҳбарлари томонидан биргаликда мурожаат қабул қилинган.

Мурожаатда Сурия ҳукуматини мамлакатга гуманитар ёрдамларни етказиш муаммоларини ечиш ва БМТ махсус элчиси Кофи Аннан томонидан илгари сурилган тинчлик режасининг барча бандлари бажарилишини таъминлашга чақирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ