Ленин ватанида НАТОни кутаётганлари йўқ ва ваъдаларга ишонишмайди

"Восточный" Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Кремл НАТОга транзит нуқтаси сифатида "Восточный" аэропортидан фойдаланишни таклиф қилган

Якка трактор Волга бўйидаги кенг далани секин шудгор қилмоқда.

Бир томонида - паррандачилик фермаси, иккинчи томонда эса ўзига тўқ шаҳарликларнинг дала ҳовлилари.

Атроф жим-жит.

Аммо, Уляновск яқинидаги бу жойлар НАТОга транзит нуқтаси сифатида фойдаланишга топширилса, сукунатни узоқ Афғонистондан учиб келган транспорт учоқларининг баланд овози буза бошлайди.

НАТО Афғонистондаги амалиётларини 2014 йилгача тугатишга қарор қилган, бу эса у ерда 10 йилдан кўпроқ вақт давомида тўпланган ҳарбий жиҳозларни яна НАТО базаларига қайтариш зарурлигини англатади.

Афғонистондан чиқишнинг энг яқин йўли Покистоннинг Карачи бандаргоҳи орқали амалга оширилиши мумкин. Аммо Исломобод ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашгани ҳарбий лойиҳачиларни бошқа йўлларни излашга мажбурлаган.

Ана шундай йўллардан бири Россия орқали ўтишини назарда тутади.

Россия ҳукумати бунинг учун Волганинг сўл қирғоғида жойлашган Уляновск шаҳрининг "Восточный" аэропортидан фойдаланишни таклиф қилган.

Аэропортнинг узун учиш-қўниш йўлаги оғир транспорт учоқлари учун мослаштирилган.

Бу ерда, шунингдек, дунёда энг кўп транспорт учоқларига соҳиб - "Волга-Днепр" авиа ширкати ҳам бор.

Ширкат Афғонистондан оғир юкларни чиқаришда НАТО билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келади.

Аэропортдан бир неча юз метр узоқликда ҳозирда ўт-ўлан босган темир йўл шохаси ўтади.

Режага мувофиқ, ҳарбий жиҳозлар учоқларда "Восточный" аэропортига келтирилади ва бу вагонларда Болтиқ денгизи бандаргоҳларига олиб кетилади.

У ердан эса НАТОга аъзо мамлакатлар ҳудудига юборилади.

Режа, афтидан, ёмон эмас. Аммо Кремл бу масалада уляновсклик коммунистлар билан маслаҳатлашмаган кўринади.

"Муқаддас замин"даги "Этик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Уляновскликлар НАТО транзит марказига ўз муносабатлари Дейнек суратлари орқали билдирганлар

НАТО транзит маркази юзасидан фикр билдиришда уляновскликларга рассом Дейнека чизган расмлар илҳом берди.

Шўролар асосчиси Ленин ватани ҳисобланмиш Уляновскда Дейнека суратлари анча обрў-эътиборга эга.

Аммо, НАТО транзитига қаршилик кутилганидан ҳам кескин бўлишини ҳеч ким кутмаганди.

"Восточный" аэропортида пикет ўтказилди, шаҳар орқали кўп минг сонли юриш ташкиллаштирилди.

Уляновск шаҳрига намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун мухолифат раҳбарлари келишди.

"НАТО этиги"нинг "муқаддас рус замини"га ҳеч қачон тегмаслиги ҳақидаги Советлар давридаги шиор хотирланди.

"Уни нима деб номлашларидан қатъи назар - моҳият ўзгармайди: биз НАТОчиларга бу заминда ўрнашиб олишларига имкон бермаймиз", - дейди Уляновск вилояти Коммунистлар фирқасининг фаоли, Уляновск механика заводининг эгаси Наири Чатинян.

Завод биносига тўрт этажга тенг Сталин портрети осилган. Ёнида эса реклама тахтаси. Унда Дейнеканинг "Севастопол ҳимояси" суратига "НАТО, хуш келдинг!" деган шиор бириктирилган.

Дейнека чизган расмда фашистлар устидан ғалаба қилган жасур денгизчилар тасвирланган.

Хуллас, "Хуш келдинг"дан асар ҳам йўқ.

Уляновсклик коммунистларнинг янги авлоди вакили бўлган Наири Чатинян аэропортдаги пикетларда иштирок этган ва ҳаттоки очлик ҳам эълон қилган.

Ишбилармон ОМОНчилар намойишчиларни аэропортдан ҳайдаб чиқариши ортидан очлик амалини ҳам тўхтатди.

Тадбиркор-коммунист Уляновск орқали НАТО транзитига қарши пикет ва намойишларда янграган шиорларни тўла қўллаб-қувватлашини айтади.

НАТО транзит нуқтасига қарши бўлганларнинг ишонишича, Россияга бир марта кириб олган НАТО у ерда ўрнашиб олишга ҳаракат қилади ва алалоқибат бу жойни ўзининг доимий ҳарбий базасига айлантиради.

Улар, шунингдек, Афғонистондан наркотиклар контрабандаси кучайишидан қўрқишади.

"Бу ҳам мустақилликнинг бой берилиши, ҳам наркотиклар контрабандасининг кучайишини англатади", - дейди Чатинян.

"Тушунмаслик?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳамкорлик ҳақидаги хабарлар Уляновскда аҳолининг кескин норозилигини уйғотди

Москвадаги НАТО ахборот бюросининг бошлиғи Роберт Пшел нима учун НАТО транзит нуқтасини очиш ғояси бундай кучли эҳтиросларни уйғотганини тушунмаслигини айтади. Унинг сўзларига кўра, бу "юмшоқ қилиб айтганда, тушунмасликдир".

Жаноб Пшелнинг таъкидлашича, Россия аллақачон Афғонистонга ўтиш йўлларини очиб қўйган.

НАТО юклари ортилган поездлар Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон орқали афғон базаларига бир неча йилдан буён ўтиб ётибди.

"Бу ҳеч кимнинг эътирозини уйғотмаганди", - дейди у.

"Транзит ҳақидаги битим бир неча йилдан буён бор ва ҳозир ҳам ишлаяпти", - дейди НАТО вакили.

Гап ҳозир ҳаво орқали юкларни олиб ўтиш юзасидан қўшимча битимларни имзолаш ҳақида бораяпти.

"Аскарлар бу ердан олиб ўтилмайди, - дейди жаноб Пшел. - Қурол-аслаҳалар ҳам олиб ўтилмайди".

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий юкларнинг катта бир қисмини олиб чиқиш вазифаси россиялик ширкатлар зиммасига юклатилади.