Россия: "Невский экспресс" поездини портлатганлар устидан ҳукм ўқилди

Image caption "Невский Экспресс" поездининг портлатилиши оқибатида 27 инсон ҳалок бўлганди

Россияда маҳкама 10 шахсни 2009 йил ноябрида тез юрар поездни портлатишда айбдор деб топган.

"Невский Экспресс" номли Москва-Санкт-Петербург тез юрар поездининг сўнгги уч вагони портлатилиши оқибатида 27 инсон ҳалок бўлган ва 130 инсон яраланган эди.

Тверь шаҳар маҳкамаси айбдорларнинг тўрт нафарига бир умрлик қамоқ жазоси ва қолганларига 7 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоларини тайинлаган.

Ҳукм этилганлардан тўққиз нафари бир оила аъзоларидир. Картоевлар оиласи Ингушетияда ҳибсга олинганди.

Москвадан 400 километрлар шимоли-ғарбда жойлашган Бологое шаҳарчаси яқинида юз берган портлаш оқибатида поезд темир йўлдан чиқиб кетганди.

Ҳодисадан бир неча кун ўтиб Шимолий Қафқоздаги Исломий ташкилот портлaш учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Ташкилот чечен бўлгинчилари лидери Доку Умаров топшириғига биноан амалга оширилганини билдирди.

Жаноб Умаров 36 инсон ҳаётига зомин бўлган Домодедово аэропортидаги портлашлар дохил қатор ҳужумлар ортида тургани ишонилади.

Гуруҳ раҳбари

2010 йил мартида Россия махсус кучлари Ингушетиянинг Экажево қишлоғида рейд ўтказиб, 8 қуроллини ҳалок этишди.

Қурбонлар орасида Саид Бурятский номли гуруҳ раҳбари бўлгани хабар қилинди.

Тверь маҳкамаси ҳукм этган Картоевлар оиласининг тўққиз нафар аъзоси айнан Экажево қишлоғида ўтказилган рейд чоғида ҳибсга олинган.

Улардан уч нафари бир умрлик қамоқ жазосига ва қолган 6 нафари 8 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Яна бир айбланувчи, Зелимхан Аушев қотиллик, террорчилик амалини уюштириш ва ноқонуний қурол контрабандасида айбдор деб топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Айбланувчилар адвокатлари чиқарилган ҳукмга эътирозан шикоят аризаси ёзишларини билдирганлар.

Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва адвокатлар айбланувчиларга нисбатан ишлатилган далил ва исботларни савол остига олганлар.