Дунё бўйлаб ишсиз ёшлар сони ортишда давом этмоқда

Иш маркази ва ишсиз қиз Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption ХМТ ҳисоб-китобига кўра, келгуси тўрт йил ичида ёшларга қўшимча иш ўринлари яратилиши даргумон

Дунё бўйлаб ёшларнинг 13% ишсиз ва уларнинг вазияти келгуси тўрт йил ичида ўзгарадиганга ўхшамайди, дея огоҳлантиради Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ).

ХМТ чиқарган янги ҳисоботга кўра, кўплаб ёшлар кам ҳақ тўланадиган ва малака талаб қилмайдиган ишларни танлашга мажбур бўлмоқдалар.

ХМТ ўз ҳисоботида қарийб 75 миллион ёшларнинг умуман иш топишдан умид узишгани алал оқибат инқирозга етаклаши ҳақида огоҳлантиради.

ХМТ ҳукуматларни ёшлар учун иш ўринларини яратиш масаласига жиддийроқ эътибор қаратишга чақирган.

Бу йўлда ташкилот ҳукуматларга кўпроқ ўқув ва малака ошириш соҳасини ривожлантириш ҳамда иш берувчилар учун солиқ енгилликларини яратишни тавсия қилади.

ХМТ мулозими Хосе Мануэл Салазарга кўра, "ёшлар орасида ишсизлик инқирозини бартараф этишнинг асосий йўли - ҳукуматлар ёшлар учун иш ўринларини яратишни ўз сиёсатларининг устивор масаласига айлантиришлари керак ва хусусий ширкатлар ҳам бу соҳага сармоя ётқизишни кучайтиришлари лозим".

2007 йилдан бери ёшлар орасида ишсизлик тўрт миллионга кўтарилган.

Уларнинг қарийб 13 фоизи 15дан 24 ёшгача бўлганлари ва ё қарийб 75 миллион ёш йигиту қизлар - ишсиздир.

Оврўпо Иттифоқида ҳар беш ёш йигит қизнинг бири иш қидираётгани айтилади.

Шимолий Африкада эса қарийб ўттиз фоиз ёшлар ишсиздир.

Бу Араб инқилобигача бўлган кўрсаткичдан беш фоиз юқорироқ деганидир.

Яқин Шарқда эса айни кўрсаткич қарийб 27 фоиздир.

Иқтисодий ўсиш жадал суръатлар билан кечаётган Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам ёшлар орасидаги ишсизлик катта ёшларникига нисбатан қарийб уч фоизга кўпроқдир.

Аммо ХМТга кўра, ёшлар орасидаги ишсизлик манзараси реал ҳаётда яна ҳам тушкунроқдир.

Аксар ёшлар олий уқув юртларида таҳсил олиш муддатини узайтиришга мажбур, чунки иш топиш амри маҳол бўлиб қолган.

Қолганлар эса қора меҳнат ва ё мутахассислик талаб қилмайдиган иш билан банд бўлишдан ўзга чора топишмайди.

Мутахассислиги бўйича иш тополмаётганлар алал оқибат ўз билим ва маҳоратларини йўқотишмоқда.

Бу эса уларнинг иш топишлари йўлида қўшимча тўсиқ яратаётир.

Бу мавзуда батафсилроқ